Алишер Навоий ва Мирзо Бобур. Бу икки улуғ инсонни боғлаб турадиган жиҳатлар кўп. Гарчи улар ҳаётда бир-бири билан учрашмаган бўлса-да, битта даврнинг вакили, битта адабиётнинг мустаҳкам устунлари бўлишган. Ҳазрат Навоий вафот этганида, Бобур ҳали 18 ёшга тўлмаган йигит эди. Шундай бўлса-да, у аллақачон тахтга ўтириб, мамлакатни бошқарган, Самарқандни икки маротаба қўлга киритган. Навоий Бобур ҳақида эшитган, билган бўлиши мумкин. Аммо, Навоий асарларида Бобур номини учратмаймиз.
Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романида Навоийнинг Бобурга хат йўллагани ҳақида парча бор. Навоий ўз мактубида “Самарқандни ўз номингизга муносиб ҳамла билан олмишсиз” дея Бобурни улуғлайди. Аммо, Навоийнинг “Муншаот” (мактублар)ида бундай мактуб йўқ. Романдаги бу парча ёзувчининг ҳаёлот маҳсули бўлиши мумкин.
Бобур ҳам ўз навбатида буюк шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Бобур ёшлигидан Навоий шахсига ва ижодига катта меҳр-муҳаббат билан улғайган. «Бобурнома» асарида муаллиф Навоий номини 16 марта тилга олади.
«Алишербек назири йўқ киши эди, - деб ёзади Бобур. - . Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўп айтгон эмас... олти маснавий китоб назм қилибтур, беш «Хамса» жавобида, яна бир «Мантиқ-ут тайр» вазнида «Лисон-ут тайр» отлиқ. Тўрт ғазалиёт девони тартиб қилибтур: «Ғаройиб ус сиғар», «Наводир-уш шабоб», «Бадойи-ул васат», «Фавоид-ул кибар» отлиқ. Яна «Мезон-ул авзон» отлиқ аруз битибтур, бисёр мадхулдур. Йигирма тўрт рубоий вазнида тўрт ғалат қилибтур».
Бобурнинг бу фикри ҳақида навоийшунослар турлича фикр билдиришган. Айрим мутахассислар “Мезонул-авзон”ни пухта текшириб, “Навоий бирорта вазнда хато қилмаган, у аруз илмини мукаммал даражада билган, эҳтимол Бобур ўқиган қўлёзмада котибнинг айби билан бир хатога йўл қўйилган бўлиши мумкиндир” деган фикрни илгари сурадилар.
Бобур Навоийнинг форсий ижоди ҳақида сўз юритаркан, “баъзи абёти ёмон эмастур, вале аксар суст ва фурудтур», дея яна танқид қилади. Бу фикр ҳам бир қатор мубоҳасаларга сабаб бўлган. Чунки, кўпгина форс адабиёти тадқиқотчилари Навоийнинг форсий ижодини таҳлил қилиб, бу шеърлар ғоявий-бадиий жиҳатдан Ҳофиз, Жомий, Саъдий сингари форс-тожик шоирлари асарларидан қолишмаслигини айтишган.
Баъзи адабиётшунослар Навоий замонасида Фоний тахаллуси билан ўндан ортиқ шоирлар ижодий қилишгани, Бобур ўшалардан бирортасининг шеърини ўқиб, уни Навоийга тегишли деб ўйлаган бўлиши мумкинлигини айтишади. Зотан, Бобур Навоийнинг форсий ғазалларидан мисол келтирмаган. Нима бўлганда ҳам, Бобур ўз фикри, ўз қарашларига эга теран идрокли шахс эди. Шу боис, Бобурнинг танқидий фикрларини унинг шахсий қарашлари сифатида баҳоламоқ лозим.
Шунингдек, Бобур Навоийнинг мусиқа илмидан хабардорлиги, адабиёт ва санъатга ҳомийлик қилганини қайд этади: «Аҳли фазл ва аҳли хунарга Алишербекча мураббий ва мунаввий маълум эмаски, харгиз пайдо бўлмиш бўлгай. Устоз Қулмуҳаммад ва Шайхи Нойи ва Ҳусайн Удийнинг, созда саромад эдилар, бекнинг тарбият ва тақвияти била мунча тараққий ва шуҳрат қилдилар. Устоз Беҳзод ва Шоҳ Музаффар тасвирда бекнинг саъй ва эхтимоли била мундоқ машҳур ва маъруф бўлдилар. Мунча бинойи ҳар ким, ул қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай».
Чиндан бошқа кўпгина манбаларда Навоий илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлига катта эътибор қаратгани ўз аксини топган. Бу ҳақда етарлича маълумотлар бор.
Бобур Ҳазрат Навоийнинг феъл-атвори ҳақида сўз юритаркан, кўнгли ўта нозик, ҳассос, назокатли инсон бўлганини қайд этади: «Эл назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибилли экандур. Самарқандда эканда ҳам ушмукдоқ нозук мижоз экандур».
Тарихий манбаларга қараганда, чиндан ҳам Навоийнинг ўта нозиктаъб, диди юқори инсон бўлганини кўрамиз. Зайниддин Восифийнинг ёзишича, бир куни Навоий тоби қочиб қолади. Унинг бир гуруҳ дўстлари Навоийни кўргани келишади. Аммо, Навоийни сўроққа тўтиб, уринтириб қўймаслик учун унга индамасдан, ўзлари суҳбат қилиб ўтираверишади. Шундай, бундай эътиборсизликни қабул қилолмаган Навоий “демак менинг уйим сизга ошхонаю, мен оддий ошпаз эканман-да” деб таъна қилади.
Ана шу дид ва фаросат улуғ шоирнинг бетакрор асарлари учун йўл очган, тамал тоши бўла олган. Унинг бу феълини ҳатто бойлиги, мансаби билан боғлашган. Аммо, Навоий Самарқандда, оддий талаба бўлиб юрган пайтида ҳам нозиктабиатлиги билан одамлар эътиборини қозонган эди.
Бобур берган маълумотга кўра Навоий шоҳ хазинасидан маошдан ҳам воз кечган. Ҳатто унинг ўзи тез-тез шоҳга моддий жиҳатдан ёрдам бериб турган. «Мирзодин нима олмас, балки йилда мирзоға куллий маблағлар пешкош қилур эди».
Навоий ўз даврининг энг бой кишиларидан бўлган. Унинг бир кунлик даромади ўн саккиз минг динорга тенг эди. Ана шу даромадлар ҳисобидан шоир Хуросоннинг кўплаб шаҳарларида мадраса ва мактаблар, ҳаммом ва кўприклар, хонақоҳ ва шифохоналар қурган. Эҳтиёжманд кишилар учун хайр-эҳсон қилган, талабалар, ижодкорларни ҳар тарафлама қўллаб қувватлаган.
Бобур Андижон ҳақида маълумот берар экан, шундай ёзган: «Эли туркдур, шаҳар ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам бирла ростур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирида нашъу нашо топибтур, бу тил биладур».
Бу жумлалардан англашилича, Андижон шеваси Навоий ижод қилган қилган туркий тилга ниҳоятда яқинлиги билан фарқланиб турган.
Бобур Навоийнинг кўпгина ғазалларини ёд билган. “Бобурнома”даги 1499 – 1500 йиллар воқеалари баёнида у руҳиятида вужудга келган безовталикни “Гоҳи телбалардек ёлғуз пушта ва даштқа борур эдим. Гоҳи боғот ва маҳаллотни кўча-бакўча ахтарур эдим. Не юрумоқта ихтиёрим бор эди, не ўлтурмоқта, не бормоқта қарорим бор эди, не турмоқта” дея тасвирлар экан, Навоийнинг бир байтини мисол келтиради:
Не борурға қувватим бор, не турарға тоқатим,
Бизни бу ҳолатқа сен қилдинг гирифтор, эй кўнгул.
Бобурнинг кўплаб ғазаллари ва рубоийларида ҳам Навоийдан баҳрамандлик яққол сезилиб туради.
«Бобурномада» Навоий ҳаётининг сўнгги куни шоирнинг вафоти ҳақида шундай маълумот учрайди: «Султон Ҳусайн мирзо Астробод черикидин ёнғонда истиқболға келди, мирзо била кўрушуб қўпқунча, бир ҳолати бўлди, қўполмади, кўтариб элтдилар. Табиблар асло ташхис қила олмадилар. Тонгласиға-ўқ тангри раҳматиға борди. Бир байти ҳасби ҳол воқиъ бўлубтур:
Бу дард илаки ўлармен, мароз чу зоҳир эмас,
Табиблар бу балоға не чора қилғойлар» .
Бобур айтган ушбу нохуш ҳодиса 1501 йилнинг 2 январь куни рўй берганди. Маълумки, 1500 йилнинг ёзида Ҳусайн Бойқаро Астрабодда исён кўтарган Муҳаммад Ҳусайнга қарши қўшин тортади, Бироқ ўша йилнинг декабрь ойида ота ва ўғил ўртасида сулҳ тузилиб, шоҳ пойтахтга қайтаётгани ҳақида хабар келади.
Одат бўйича, Навоий шаҳарнинг бир қатор кўзга кўринган кишилари билан шоҳни кутиб олиш учун йўлга чиқади. Бу тарихий воқеаларни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Хондамир шундай ёзади: «Бир фарсахга яқин юрганда соҳибқироннинг дабдабали ва кўркам маҳофаси кўринди. Шу фурсатда, худонинг тақдири билан у зотнинг (Навоийнинг) муборак боши айланиб қолди. Олижаноб (Навоий) Амир Хожа Шиҳобиддин Абдуллони ўз яқинига чақириб, «мени сақлашдан ғофил бўлманг, аҳволим ўзгариб қолди»,-деди.
Шу пайтда аъло ҳазратнинг (Бойқаронинг) қўлини ўпишга етишмоқ учун отдан тушди. Тўсатдан етишган касалликнинг оғирлиги ҳадди аълосига бориб қолгани ва юришга мадор қолмаганидан, мазкур амир ва Мавлоно Жалолиддин Қосим қўлтиқларига кириб, шу йўсинда илгари юриб, бошини баланд даражали подшо қучоғига қўя олди. Шу онда бу юксак касал сактага айланиб олий насабли Амирда қайтиб ҳаракат қилиш ва сўзлашга мажол қолмади».
Шу аҳволдаги шоирни ярим тунда ўз уйига олиб келадилар: эрта билан шаҳарнинг таниқли табиблари тўпланиб, қон олишга ҳаракат қиладилар, аммо ҳеч қандан ижобий ўзгариш бўлмайди. Навоий 1501 йил 3 январда ҳаётдан кўз юмади. Шоир жасади унинг ўзи томонидан қурилган Масжиди жоме гумбази остига қўйилади.
Умуман, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига алоҳида эътибор ва чексиз ҳурмат билан қараган, Навоий асарларини диққат билан мутолаа қилган...
Рустам Жабборов