Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Алимжановнинг бир подкастдаги интервьюси кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Гап шундаки,подкастда ўта нозик мавзу – замонавий ўзбек қизлари ҳақида сўз юритаркан, тарих фанлари бўйичафалсафа доктори уларнинг “бокиралик”ни асрашга интилишини «ўзбек жамиятидаги катта муаммо эканини” қайта қайта такрорлайди.
Келинг, яхшиси... унинг узуқ-юлуқ гапларини бироз рандалаб, тушунишга уриниб кўрайлик:
“Шунақа қизлар бор...европалашганман, дейди. Лекин ҳали қиз боламан, дейди. Юр ...., десам, мен бокираман, деб тураверади. Йўғе, ҳалиямми? Йигирма тўққизда-я? Биттасига “юр” десам... “жинсий муносабатда бўлмаганман” деди. Менгача бўлмаган бўлса, мен биринчи бўлиб нима қиламан, дедим. Сени ҳеч ким хоҳламаган бўлса, мен нима учун биринчи бўлишим керак? Баъзилари “мен сен учун ўзимни асраганман” дейди. Нима учун? Мен шуни тушунмаяпман-да. Семенизмми, гендерми ёки бирор психологик муаммоми? Жуда замонавий қизлар! “Вестминстер”да, чет элларда ўқиб келган, кийими, юриш-туриши жойида, русча, инглизчагаплашишади, лекин “қиз боламан”, дейишади. Сақланганмиш... Мен ишонмайман, ё мени аҳмоқ қиляпти, ё шундай бўлиши ҳам мумкин. Улар билан сифатли интим муносабат бўлмайди. Ундан кўра, битта китоб ўқиб, ё битта кино кўриб қўя қолай, хуллас, дамингни ол, дейман. Менда озроқ майл уйғотиши, юрак жиз этиши керак-ку? Зиёли қизлар, Европада, Америкада ўқиб, русча, инглизча гаплашса-да, жамиятимиздаги тақиқларни ошиб ўтолмайди. Баъзиларига“юр, машинадан тушиб очиқ жойларда ўпиишиб турайлик” десам, “одамлар кўради” деб тортинади. Ахир бу зўр-ку, бемалол суратга олишмайдими? Ҳеч бўлмаса мақтанади-ку, Алимжанов мени ўпди, деб. Ҳазил албатта... 2024 йилда яшаяпмиз, ўзбек ёшларини кўриб... ҳалиям чекланганлик бор. Ўзини минг замонавий ҳис қилган қизнинг ҳам маънавияти борлигидан ҳайрон қоламан. Шунчалик қон-қонига кириб кетибди-да 30 йилда? Нега бу нарса ҳалигаяа сақланиб қоляпти? Гап бу ерда ота-онада ҳам эмас. Ҳақиқий ўзбек қизи 18 ёшдан кейин ота-онасини ҳеч қачон ўйламайди. Ўзининг бахтини ўйлайди. Ҳақиқий қиз бола зўр эгоист бўлиши, ўзининг манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиши керак”.
АЛЖИРАШДАН МАҚСАД МУДДАО НИМА?
Албатта, бу “стенограмма”дан айрим ўта қўпол куракда турмайдиган сўзлар ва жумлаларни тушириб қолдирдик. Менимча, изоҳга ҳожат йўқ! Бир қарашда пойинтар-сойинтар кўринган бу гаплар маст одамнинг алжирашига ўхшаб кетади. Аммо мақсад-муддао ўзбек қизлари, ўзбек менталитети устидан кулиш, ёшларимизни маънавий бузуқликка ундашдан бошқа нарса эмас, менимча.
Акс ҳолда, бирор бир иймони, ақли бутун ўзбек иффатни, бокираликни “замондан ортда қолиш”, “муаммо” деб атамаган, “Ўзбек қизи ота-онасини ўйламаслиги, эгоист бўлиши керак” демаган бўларди. Хуллас, унинг бу борадаги фикрларини танқид қилиб ўтирмоқчи эмасман. Ҳар ким ўзи билади қандай хулоса чиқаришни.
БУ БИРИНЧИСИ ЭМАС!
Ўзи кейинги пайтларда Бахтиёр Алимжановнинг интервьюлари, мақолаларидан то “имижи”гача анчадан бери муҳокамаларга сабаб бўлиб келяпти. Ўтган йилнинг ёз ойларида унинг буюк боболаримизнинг эътиқодлари ҳақидагимулоҳазалари жиддий эътирозларни келтириб чиқарган, у Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темурсингари аждодларимизни салкам кофирга чиқариб қўйганди. Ҳолбуки, Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарининг илк сатрлари унинг эътиқодини яққол кўрсатади: “Раҳмли ва меҳрибон Аллоҳ номи билан. Мақтов тенглаштириладиган ва ўхшатиладиганларнинг (ҳаммасидан) юқори турувчи Аллоҳга аталгандир. Барча инсонларнинг улуғи бўлган Муҳаммад (с.а.в.)га тўғри йўл ва ҳақиқат раҳнамолари бўлмиш унинг хонадонига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”. Ибн Сино ҳақидаги тарихий маълумотлар ҳам алломанинг иймон-эътиқодда собит бўлганини кўрсатади. Ибн Сино Қуръон илми, ҳадис ва араб тили грамматикасин чуқур ўрганган, 10 ёшидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, “Ихлос” сураси тафсирига бағишланган махсус рисола ҳам ёзган. Б.Алимжановнинг Амир Темурнинг тангричилик динига эътиқод қилгани, унинг шомонлар одатига кўра дафн қилингани, кейинчалик унинг мақбараси Шоҳрух даврида исломлаштирилгани ҳақидаги даъволари ҳам тарихий мантиқққа мутлақо зид. Амир Темур Ислом арконлари, Қуръон ҳукмларини яхши билгани ва уларга амал қилгани ҳақида юзлаб мисоллар бор.
Яқинда россиялик бир вайсақининг “ўзбеклар 1917 йилдан кейин пайдо бўлди” деган даъвоси асабларни эговлаб турган бир пайтда, интернетда Б.Алимжановнинг “Ўзбекдан Ўзбекистонликкача” деган мақоласи чоп этилди. Унинг фикрича, “ўзбек” сўзи ўрнида “ўзбекистонлик” атамасини муомалага киритиш лозим, ўзбек этноними кўпмиллатли халқни бирлаштиришга қодир эмас.
ДАЪВОЛАР ОРТИДАГИ ҚАНДАЙ ИСТАКЛАР БОР?
Тан олиш керакки, анчадан бери шунга ўхшаган айрим зиёлилар “Ўзбекистон” номини ўзгартириш, мамлакат ундаги ҳар бир халққа тегишли эканини ҳисобга олиб, Турон, Сўғдиёна сингари нейтрал номларни беришни таклиф қилиб келишади. Бир неча йил аввал ўзбек тили билан бирга бошқа тилларга ҳам давлат тили мақоми бериш керак, деган даъволарни илгари суришган эди. Ана шундай ғайриоддий даъволар замирида ўзбекларни миллат сифатида тарих саҳнасидан сиқиб чиқариш, бошқа миллатларга қўшиб юбориш ёки парчалаб ташлаш истаги йўқмикин, деб ўйлаб қоласан киши.
Одатда, спорт журналистикаси терминологиясига кўра, спортчиларни у мансуб мамлакатдаги асосий халқ номига нисбат бериб тилга олишади. Дейлик, Ўзбекистон номидан иштирок этган ҳар бир спортчи миллатидан қатъий назар ўзбек спортчиси деб айтилади. Дунёнинг етакчи давлатларида ҳам Б.Алимжанов даъвосининг тескарисини кўриш мумкин. Дейлик, Францияда араб ҳам, хабаш ҳам, фаранг ҳам миллати ё ирқидан қатъи назар француз деб аталади. Туркияда ҳам турк атамаси этник эмас, сиёсий мазмун касб этади. Яъни Туркияда туғилган ҳар бир фуқаро сиёсий нуқтаи назардан турк саналади. Қолаверса, давлат қайси халқ номи билан аталса, ўша тилга давлат тили мақоми берилади. Бошқа миллатлар “бизнинг ҳуқуқларимиз камситиляпти” деётгани йўқ, деёлмайди ҳам.
БУ ОЛИМ КИМ ЎЗИ?
Хўш, бир қараса миллатга, бир қараса буюк аждодлар эътиқодига, бир қараса миллат қизларининг иффатига осиладиган бу олим ким ўзи? Нега ўзининг томдан тараша тушгандек, куракдаям, элакдаям турмайдиган мантиқсиз мулоҳазалари билан одамларнинг ғашига тегмоқда? Шу саволларга жавоб излаб, интернетда у ҳақидаги маълумотларни ҳам излаб кўрдим. Унга кўра, Бахтиёр Алимджанов 1985 йилда Тошкентда туғилган, Ўзбекистон Миллий университети тарих факультетини битирган. “Россия империясининг Туркистон генерал-губернаторлигидаги иқтисодий сиёсати” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Москва давлат университетига бир неча бор маърузачи сифатида таклиф этилган. Бир қатор халқаро грантлар ғолиби, 40 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи.
Яқинда бир мақоласи “Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти катта илмий ходими” имзоси билан чоп этилганига кўзим тушганди. Айни пайтда Россия Федерациясининг “МИФИ” Ядро тадқиқотлари миллий университети Тошкент филиалида доцент давозимида ҳам ишларкан. Ҳар қалай мазкур ўқув муассасаси сайтида шундай ёзилган.
АРЗОН ШОН-ШУҲРАТ ОРТТИРМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ...
Дунёвий жамиятларда инсоннинг қайси тузум ёхуд мафкурани афзал кўриши, қандай фикрлаши, кийиниши, юриш-туриши, эътиқоди одатда, муҳокама қилинмайди. Аммо, ҳеч бир ҳукумат кимгадир ўз халқининг миллий менталитети, аҳолисининг эътиқоди ва миллий манфаатларини аёвсиз топташ, устидан кулиш, масхаралаш ҳуқуқини бериб қўймаса керак.
Кейинги пайтларда одамларнинг салбий муносабатлари орқали танилиш янгилик бўлмай қолди. Эҳтимол, бу олим ана шундай ноанъанавий сўзлари билан омманинг эътиборини ўзига жалб қилиб, ўзини ўзи пиар қилаётгандир? Нима бўлганда ҳам, ёши қирқни қоралаб қолган зиёли учун ҳар бир ҳаракат, фикрни бирров тарозига ташлаб олиш, мақсад арзон шон-шуҳрат орттириш бўлган тақдирда, халқимизнинг миллийлиги, қадриятлари, дунёқараши, муқаддасотидан бошқа, арзонроқ воситаларни излаш зиён қилмасди.
Рустам ЖАББОРОВ