1

“Фаровон”нинг йўли қачон равон бўлади? (видео)

ЖАМИЯТ 03.04.2024, 20:04
“Фаровон”нинг йўли қачон равон бўлади? (видео)

Унча-мунча муаммони овоза қилишни андиша қиладиган халқмиз. Аммо кўпни қийнайдиган масала, айниқса, йўл билан боғлиқ нуқсон бўлса, уни яширишни ҳам, унга шунчаки томошабин бўлишнинг ҳам имкони йўқ. 

Ангор туманининг “Фаровон” маҳалласида яшовчи одамлар шу кўйга тушган. Туман марказдан унча олис бўлмаган манзилда 800 яга яқин хонадон, 4 минг 560 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йили кенг кўламли йўлсозлик ишлари амалга оширилган. Хусусан, 2,5 километр асосий йўлга асфальт ётқизилган бўлса, аксарият ички кўчаларга тош-шағал аралашмаси тўшалган. Бироқ “Мустақиллик” кўчасида яшовчилар негадир бундан бебаҳра қолишган. 

-Айрим кўчалар асфалът қилингани рост, - дейди Ўрал Бозоров. - Ёз ойларида йўлимизнинг носоз жойларига тош тўкилиб, бироз текисланганди ўшанда. Асфальт қоплама ётқизилади, шунга тайёрлаяпмиз, дейишганди мутасаддилар. Аммо бу ёлғон бўлиб чиқди. Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришган экан улар. Мана, 8 ойдан ошдики, на асфальт бор, на берилган ваъда бажарилди? Аслида кўча нари борса 1,5 километр бўлиб, бир нечта маҳаллани Музработ тумани билан боғлайди. Ўнқир-чўнқир жойлардан автомашина аранг ҳаракатланади. Гоҳ чапга, гоҳида ўнгга оғади уловлар. Ёғин-сочинли кунларда одамлар лойга ботса, жазирамада уйларимизни чанг қоплайди. Нима қилиш ва қандай йўл тутишга ҳайронмиз. 

...Автомашинада кўча бўйлаб ҳаракатландик. Алмисоқдан қолган бу йўллар биринчи ва охирги марта 1985 йилларда асфальтланган экан. Унинг ҳар 100-150 метрида 10-15 метрли таъмирталаб жойга кўзингиз тушади. Хулоса қилиб айтганда, 200-250 метр жой ниҳоятда абгор аҳволда. 
Мазкур йўлга ёндош кўчалар асфалът қилинган. Фақатгина шу йўлга мутасаддилар ўгай кўз билан қарашган шекилли, буткул унутилганга ўхшайди. 

- Яқинда иш бошладим, - дейди “Фаровон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Норали Худойназаров. – Шу йўл оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб қолмоқда. Маълум бўлишича, давлат дастурига киритилмагани учун таъмирталаб бўлиб қолган... 

 ¬- Кўчиб келганимизга 40 йилдан ошди, - дейди Ҳадича Холмирзаева. Кўчада қарийб 30 дан ортиқ хонадон бор. Тўғриси, яшашга қийналиб қолдик. Йўлимиз паст-баланд, ўнқир-чўнқир, чанг, ғубор, лой... Тўғриси, бундай аянчли аҳволдан аллақачон безиб қолганмиз. Болаларимизнинг қийналгани-чи? Улар учун мактабга қатнаш машаққат бўлиб қолган. 

-Яна бир гап, - дейди Тоҳир Жумаев. -“Опен бюдежед”га қўяйлик, десак бунинг иложи йўқ экан. - Чунки, давлат аҳамиятига молик йўл эмиш... “Ташаббусли лойиҳа”да қатнашган билан 30 дан ортиқ хонадон вакиллари ғолиб бўлишига ким ҳам ишонарди... 

Хўш, Ангор туманидаги “Фаровон” маҳалласининг “Мустақиллик” кўчасида яшовчилар текис ва равон йўллардан юришга умид қилса бўладими. Ёки бу ниятлар орзулигича қолиб кетадими? 
 

                                                                                                                                                                                                                     "Даракчи" учун махсус Собит Қайнаров.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1