Жорий йилнинг 27 март куни Туркия махаллий хуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ИШИД халқаро террорчилик гуруҳига аъзо деб гумон қилинаётган 70 киши ушланган. Қўлга олинганлар орасида 1 нафар 39 ёшли Андижон вилоятида туғилган Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги аниқланганди. Бу ҳақда Истанбул Бошконсулхонаси хабар берди.
Адвокатлар аралашуви натижасида ватандошимизнинг таъкидланган террорчилик гуруҳига алоқаси борлиги ҳақидаги важлар ўз исботини топмади ва қўйиб юборилди.
Ўз ўрнида ватандошларимиздан турли бузғунчи оқимларнинг домига илиниб қолмаслик учун қуйидагиларга эътибор қаратишлари тавсия қилинади:
- экстремистик руҳдаги Телеграм, Инстаграм, Тик-ток, Ютуб ва Ватсап каналлари ва сайтларига аъзо бўлмаслик;
- мобил телефонларда билиб-билмай мутассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратларни сақламаслик ва тарқатмасик;
- электрон почта орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик.






