Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан минтақавий ҳамкорликни кучайтириш учун туркий давлатларда умумий алифбони жорий этишга чақирди. Бу ҳақда Haber Turk хабар берди.
“Глобал қудрат рақобати географиямизга кириб келишига йўл қўймаслик учун сафларимизни кучайтириб, умумий фаровонлик йўлида имкониятларимизни ишга солишимиз керак”, – деди Фидан 6 июль куни Озарбойжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) саммитида.
Туркий Давлатлар Ташкилоти – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон ва Туркиядан иборат.
Маълумот учун, ҳозирда Туркия, Озарбойжон ва Ўзбекистон лотин ёзуви, Қозоғистон ва Қирғизистон эса кирилл ёзувига асосланган миллий алифболаридан фойдаланмоқда. Қозоғистон ҳам лотин ёзувига ўтишга қарор қилган, бироқ ҳозирча муддатлар ва янги алифбонинг якуний талқини тасдиқланмаган.
Турк дипломатияси раҳбари Шушадаги нутқида ТДТ доирасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга чақирди.
“Биз имкон қадар тезроқ умумий алифбони жорий этишимиз керак”, – деди Туркия ташқи ишлар вазири.
Ҳоқон Фидан бу борадаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида кучлироқ институционал тузилма ташкил этишга чақирди.
Туркия ТИВ раҳбари, шунингдек, ТДТнинг таъсир доирасини кенгайтириш учун жаҳондаги муҳим нуқталарда ташкилотнинг бўлинмаларини очиш ва элчилар тайинлашни таклиф қилди.
Ҳоқон Фидан ўз нутқида Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР)ни ҳам эслаб ўтди. Фақат Туркия томонидан тан олинган ШКТР – Туркий Давлатлар Ташкилотида Венгрия ва Туркманистон билан бирга кузатувчи мақомига эга.
“Барча биродарларимиз ва опа-сингилларимизни Кипрдаги турк халқини туркий дунёнинг ажралмас бир қисми сифатидаги ажралмас ҳуқуқларини қайта тиклаш учун қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, – деди у ва ТДТга аъзо давлатларни ШКТР билан савдо алоқаларини кучайтиришга чақирди.