Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги логистика маркази орқали Афғонистонга даволовчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур дори-дармонлар етказиб берилмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ хабар берди.
Ташкилотнинг 25 октябрь куни маълум қилишича, Термиздаги логистика маркази Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини узлуксиз етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Марказ орқали, айниқса, озиқ-овқат танқислигидан азият чекаётган болалар ва уларнинг оилалари учун зарур маҳсулотлар юборилмоқда.
Маълум қилинишича, Афғонистонда миллионлаб болалар тўйиб овқатланмаслик хавфи остида қолмоқда. Шу боис даволовчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни ўз вақтида етказиб бериш уларнинг ҳаётини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.
ЮНИСЕФнинг аввалги маълумотларига кўра, Афғонистонда 3,7 миллион бола озиқланиш етишмовчилигидан азият чекмоқда. Уларнинг қарийб 1 миллион нафари эса ҳаёт учун хавфли бўлган оғир даражадаги озиқланиш етишмовчилигига дуч келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда қизларнинг эрта турмушга берилиши уларнинг таълим олиши, соғлиғи ва келажакдаги имкониятларига таҳдид солаётгани ҳақида хабар берилган эди.






