АҚШ Мудофаа вазирлиги Хитой ҳукумати томонидан молиялаштириладиган ва мамлакатнинг 30 та университетида фаолият юритган 80 та тарғибот ташкилотини аниқлаган. Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет Х ижтимоий тармоғидаги видеомурожаатида маълум қилган. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Ҳегсетнинг айтишича, вазирлик сўнгги икки ой давомида ушбу ташкилотлар фаолиятини тўхтатиш чораларини кўрган. Унинг таъкидлашича, мазкур тузилмалар интеллектуал мулкни ўзлаштириш ҳамда америкалик талабаларнинг дунёқарашига таъсир ўтказиш билан шуғулланган.
Пентагон раҳбари бу ташкилотлар амалда Хитойнинг халқаро маданий-маърифий муассасалари тармоғи — "Конфуций институтлари" фаолиятини давом эттирганини билдирди. АҚШ университетлари 2020 йилдан кейин ушбу институтларни оммавий равишда ёпишни бошлаган. Бунга АҚШ Давлат департаментининг уларни Хитойнинг хориждаги миссиялари сифатида тан олиши сабаб бўлган.
University World News нашрининг хабар беришича, Конфуций институтлари билан ҳамкорликни тўхтатган айрим университетлар Хитой ҳукуматига миллионлаб долларлик субсидияларни қайтаришга мажбур бўлган.
Шу билан бирга, АҚШ Миллий олимлар ассоциациясининг 2022 йилги ҳисоботида айрим университетлар Хитой олий таълим муассасалари билан янги ҳамкорлик шартномаларини тузгани, янги марказлар очгани ва Хитой ҳукуматининг тегишли идораларидан маблағ олишда давом этгани қайд этилган.
Ҳегсетнинг маълум қилишича, АҚШ Мудофаа вазирлиги мазкур ташкилотларни миллий хавфсизликка таҳдид солувчи тузилмалар рўйхатига киритган.
"Бу бизнинг ихтироларимизни ўзлаштиришга ёки ёшларимизни ўз давлатига қарши қайрашга уринаётган ҳар қандай мамлакат учун сабоқ бўлсин", — деди Пентагон раҳбари.






