Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 26 октябрь куни “Ўзбекфильм” киностудиясида киноижодкорлар билан учрашди. Унда миллий кинематографиянинг бугунги ҳолати, соҳадаги муаммолар ва келгуси режалар муҳокама қилинди. Давлат раҳбари миллий кинонинг халқаро майдондаги ўрни, фильмлар сифати ва ижодкорлар учун шароит яратиш масалаларига тўхталди.
Мирзиёев “Ўзбекфильм” киностудиясининг миллий кино тарихидаги ўрнини таъкидлаб, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Ўтган кунлар”, “Шум бола”, “Чинор остидаги дуэль”, “Суюнчи” каби фильмлар халқ хотирасида алоҳида ўрин эгаллашини қайд этди. Шунингдек, мустақиллик йилларида “Абдуллажон”, “Отамдан қолган далалар”, “Дилхирож”, “Ватан” ва “Ўтов” каби фильмлар яратилганини айтди.
Давлат раҳбари сўнгги ўн йилда кино соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинганини эслатди. Агар 2016 йилда фильмлар суратга олиш учун давлат бюджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилда бу миқдор 218 миллиард сўмни ташкил этган. Унинг таъкидлашича, бу даврда миллий фильмларнинг салмоғи ва сифати ошган, соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келган.
Президент янги даврда яратилган “Исломхўжа”, “Ибрат”, “Авлоний”, “Абдулла Қодирий”, “Қўқон шамоли”, “Муқимий”, “Илҳақ”, “Ўзбек қизи” ва “Баҳодир Ялангтўш” каби тарихий фильмларни ҳам тилга олди. Шу билан бирга, миллий кино санъатини янги босқичга олиб чиқиш учун ҳали кўп ишларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
“Томошабин кинодан воз кечмади, унинг талаби ўзгарди”
Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқлар ривожи сабаб одамлар кинотеатрларга бормай қўйгани ҳақидаги фикрларга тўхталди. Унинг таъкидлашича, хорижий фильмлар намойиш этилганда кинотеатрлар тўлиб-тошмоқда. Демак, муаммо томошабиннинг кинога қизиқиши йўқолганида эмас, балки миллий фильмларнинг унинг талабига жавоб бермаётганида.
“Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди. Миллий фильмларимиз ана шу талабга жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!” деди Президент.
Давлат раҳбари бунинг сабабларидан бири сифатида фильмни ишлаб чиқаришдан тортиб, уни томошабинга етказишгача бўлган яхлит дистрибуция тизими шаклланмаганини кўрсатди.
Шунингдек, профессионал кинотанқидчиларнинг фикри билан етарлича ҳисоблашилмаётгани ҳам танқид қилинди. Президент холис таҳлил ижодкорга ўз камчиликларини кўриш ва ривожланиш имконини беришини таъкидлади.
Кино лойиҳаларини молиялаштиришдаги давлат буюртмаси ва хариди тизими ҳам танқид остига олинди. Давлат раҳбари эскича “госзаказ” тизими замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермаётганини айтди. Бир вақтнинг ўзида бир режиссёрга олтитагача, бир муаллифга эса еттитагача лойиҳа бириктирилгани, буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилгани хусусий ижодкорлар учун тенг рақобат имкониятларини чеклаётгани қайд этилди.
Президентнинг фикрича, бундай шароитда сифатли сценарий ва фильм яратиш ўрнига топшириқни тезроқ якунлаш асосий мезонга айланиб қолиши мумкин. Санъат асарини оддий товар ёки қурилиш объекти каби техник топшириқ асосида харид қилиш тўғри эмас.
Кино — мамлакатнинг “юмшоқ кучи”
Президент кинони нафақат кўнгилочар санъат тури, балки мамлакатнинг халқаро нуфузи ва таъсирини оширадиган “юмшоқ куч” сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, халқлар бир-бирини, аввало, маданияти ва санъати орқали ҳам танийди. Шу боис миллий тарих, маданият ва қаҳрамонларни жаҳон экранларида муносиб намоён этиш муҳим.
Давлат раҳбари армияни кучайтириш ва хавфсизликни таъминлаш билан бир қаторда, ёш авлоднинг онги ва дунёқарашини ким ва қандай ҳимоя қилиши ҳақидаги саволни ҳам ўртага қўйди. Бу борада кино санъати ва киноижодкорлар зиммасига катта масъулият юкланиши таъкидланди.
“Ўзлигимизни англаб, ўз ҳикоямизни ўз овозимиз билан дунёга айтиш”, деган ғоя миллий кинонинг асосий йўналишларидан бири бўлиши кераклиги қайд этилди.
Президент экранда буюк аждодлар билан бирга бугунги кунда жамиятда фаолият юритаётган инсонлар ҳам ўзининг ҳаққоний қиёфасини топиши зарурлигини таъкидлади. Ўқитувчиларнинг фидойилиги, шифокорларнинг жонкуярлиги, спортчиларнинг матонати, Ватан ҳимоячилари ва аскарларнинг жасорати, тадбиркорлар ташаббуси, қурувчиларнинг бунёдкорлиги ҳамда ёшларнинг орзу-интилишлари миллий кино учун муҳим мавзулар экани айтилди.
“Фарзандларимиз шундай қаҳрамонларда ўзини кўрсин, ўз кучига ишонсин, ўз юртининг келажагига дахлдорлигини ҳис этсин!” деди давлат раҳбари.
Учрашувда киноижодкорлар учун муносиб шароит, давлат кўмаги ва ижодий эркинлик муҳитини яратиш зарурлиги ҳам таъкидланди.






