Аёллар мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилиши зарур
Мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, миллий генофондни яхшилашга йўналтирилган диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, биргина 2022 йилнинг ўзида 9 млн нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 3 млн нафардан зиёди амбулатор, 347 минг нафари эса стационар шароитда даволанди. Тиббий кўрикларни мунтазам ташкил этиш аёллар саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Тиббиёт соҳаси мутахассисларининг қайд этишларича, 40 ёшдан ошгандан кейин, айниқса, генетик жиҳатдан мойиллиги бор аёлларда турли касалликлар пайдо бўла бошлайди. Жумладан, юрак-қон томир касалликлари, саратон, остеопороз ва диабет каби хасталиклар хавфи ортиб боради. Статистика маълумотларига кўра, мазкур касалликлар аёлларда эркакларга нисбатан уч марта кўпроқ кузатилади. Чунки бу ёшда аёллар организмида турли ўзгаришлар юз беради ва бу саломатликка бўлган эътиборни кучайтиришни талаб этади.
Шу мақсадда ЎзЛиДеП томонидан 40 ёшдан ошган аёллар учун ўз вақтида мунтазам тиббий кўрикдан ўтишни жорий этиш ташаббуси илгари сурилмоқда.
Аёллар учун муайян давр оралиғида тиббий кўрикдан ўтиш тизимини жорий қилиш бир қатор афзалликларга эга:
- биринчидан, касалликларни эрта аниқлаш имконияти пайдо бўлади;
- иккинчидан, кўпинча аёлларда гормонал ўзгаришлар айнан 40 ёшдан кейин вужудга келиши назарда тутилар экан, даврий кўриклар орқали бу ўзгаришларни кузатиш ва тегишли даволаш чораларини кўриш мумкин бўлади;
- учинчидан, шифокорлар билан мунтазам учрашувлар орқали аёллар соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик бўйича тегишли маслаҳатларни олишлари мумкин бўлади.
Партиямиз илгари сураётган 40 ёшдан ошган аёллар учун тиббий кўрикдан ўтишнинг жорий қилиш ташаббуси аёлларнинг саломатлигини назорат қилишга кўмаклашгани баробарида салбий оқибатларнинг олдини олишга ҳам имкон яратади.
Энг муҳими, 30-69 ёшли аёллар ўртасида касалланиш ва ўлим кўрсаткичи камаяди. Мамлакатимизда соғлом ва фаол кексалик таъминланади. Умр кўриш давомийлигини ҳозирги 73,8 ёшдан 2030 йилга келиб 78 ёшгача етказиш бўйича мақсадга эришилади.