Тошкентда автобусларнинг олд қисмига йўл ҳаракати қоидабузарликларини автоматик қайд этадиган мобил видеокамералар ўрнатилади. Масъул идоралар ушбу ишларни 15 декабрга қадар амалга ошириши керак. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарорида белгиланган.
Камералар автобус ҳаракатланаётган вақтда йўл қоидасини бузган ҳайдовчиларни қайд этади. Қурилмалар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ягона базасига интеграция қилинади.
Шунингдек, 1 ноябрдан жамоат транспорти учун ажратилган "А" йўлакларида ноқонуний ҳаракатланиш ва тўхтаб туриш ҳолатларига қарши рейдлар кучайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Лутфий кўчасида автобус йўлакларига ноқонуний чиқишни назорат қилувчи камералар ўрнатилган эди. Фарғона йўли кўчасининг ҳар икки йўналишидаги 6 километрлик қисмида ҳам шундай тизим жорий этилган. Қоидабузар ҳайдовчилар камера ёзувлари асосида жаримага тортилмоқда.






