Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасида вақтинчалик меҳнат фаолияти давомида оғир моддий аҳволга тушиб қолган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ватанга олиб келинди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаролар Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ҳамкорлигида Владивосток ҳамда Хабаровск шаҳарларидан қайтарилган.
Хусусан, Хабаровскда тўрт нафар вояга етмаган фарзанди билан қийин аҳволда қолган аёлга ёрдам кўрсатилган. У Россияда бўлиш қоидаларини бузгани сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўхтатилган.
Суд қарорига кўра, фуқаро Россиядан депортация қилиниши ва мамлакатдан чиқариб юборилгунига қадар хорижликларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилиши керак эди.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида фуқароларнинг Ўзбекистонга хавфсиз қайтиши таъминланган.
Аввалроқ, 2026 йилнинг январь—сентябрь ойларида хорижда оғир аҳволга тушиб қолган қарийб 5 минг нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани хабар қилинганди. Бу мақсадлар учун Миграция агентлиги томонидан 22,4 миллиард сўм ажратилган.






