АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда хорижда ишлашни истаганлар учун янги марказ иш бошлади

Тошкент шаҳрида фуқароларни хорижда ишлашга комплекс тайёрлайдиган INTIL халқаро тил ва касбга тайёрлаш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

'Ўзбекистонда хорижда ишлашни истаганлар учун янги марказ иш бошлади'ning rasmi

Тошкент шаҳрида фуқароларни хорижда ишлашга комплекс тайёрлайдиган INTIL халқаро тил ва касбга тайёрлаш маркази фаолияти йўлга қўйилди. Марказда хорижий тилларни ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш, халқаро сертификат олиш ва хорижий иш берувчиларга ишга жойлашиш учун тайёргарлик кўриш имконияти яратилган. Бу ҳақда Миграция агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан ташкил этилган марказда ҳозирда 6 та халқаро лойиҳа доирасида 240 нафар фуқаро таҳсил олмоқда. Эътиборлиси, тингловчилар учун ўқиш ва ётоқхона харажатлари тўлиқ бепул.

Учтепа туманида қарийб 3,5 гектар майдонда жойлашган мажмуа фуқароларнинг дастлабки мурожаатидан тортиб, ҳужжатларни расмийлаштириш, тил ва касб ўрганиш, малакасини тасдиқлаш ҳамда хорижга ишга жўнаб кетишигача бўлган жараёнларни қамраб олади.

Марказда 600 ўринли ўқув хоналари, 180 ўринли амалий машғулот хоналари, 120 ўринли имтиҳон маркази ва 400 ўринли ётоқхона ташкил этилган. Ўқув-амалий машғулотлар учун зарур жиҳозлар Германия, Хитой ва Россиядан келтирилган.

Ҳозирда марказда немис, инглиз, япон, корейс, чех, поляк, итальян ва словак тиллари ўргатилмоқда. Таълим дастурлари 6 ойдан 10 ойгача давом этади. Шунингдек, тингловчиларга ÖSD, TELC, J-CERT ва EPS-TOPIK каби халқаро тил имтиҳонларини марказнинг ўзида топшириш имконияти яратилган.

Касбий тайёргарлик эса 12 та йўналишни қамраб олади. Улар орасида тиббиёт, пайвандчилик, электротехника, сантехника, омбор логистикаси, қурилиш, меҳмонхона-ресторан хизмати ва ошпазлик бор.

Машғулотлар назарий билимлар билан чекланиб қолмайди. Масалан, ҳамширалар шифохона шароитига мослаштирилган симуляция залларида беморларга хизмат кўрсатишни ўрганади. Меҳмонхона хизмати йўналишида хоналарни тайёрлаш ва тозалаш стандартлари ўргатилса, ресторан хизмати бўйича бўлажак официант, бармен ва ошпазлар амалий машғулотлардан ўтади.

Техник касблар бўйича ҳам махсус шароитлар яратилган. Жумладан, омбор логистикаси йўналишида вилкали юк кўтаргич ҳайдовчилари тайёрланади. Сантехника бўйича сув қувурлари, иссиқ сув таъминоти ва кондициялаш тизимларини монтаж қилиш, электротехникада эса электр тармоқлари ва «ақлли уй» тизимлари билан ишлаш ўргатилади. Пайвандчилар ISO 9606 халқаро стандартлари асосида тайёрланади.

Марказда Япониянинг Proud Partners ва Onodera User Run, Германиянинг Deutsche Bahn ва RecruitMed GmbH, Чехиянинг PentaHospital ҳамда Италиянинг Перуджа университети билан ҳамкорликдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ушбу дастурлар орқали фуқароларни Германия, Япония, Жанубий Корея, Чехия, Словакия, Польша, Италия ва бошқа давлатлардаги иш ўринларига тайёрлаш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, ошпазларни Европа меҳнат бозори учун сертификатлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Европа кулинария мактабларининг таълим дастурларини жорий этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Марказда 40 нафар маҳаллий ўқитувчи ва ходим, шунингдек, 6 нафар хорижий тил ўқитувчисининг бандлиги таъминланган. Тингловчилар учун коворкинг, футбол ва воркаут майдончалари ҳамда дам олиш ҳудудлари ҳам ташкил этилган.

Маълум қилинишича, келгусида хорижий иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, номзодларни саралаш, тил ва касбга ўқитиш, хориждаги ҳаётга тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштиришга кўмаклашишнинг ягона тизимини мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Марказ Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Кўкча Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғини, Кўкча Дарвоза кўчаси, 485-уй манзилида жойлашган.

    Бошқа янгиликлар