Қашқадарё вилоятида аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандига бензин сепиб, уларни ёқиб юборган эркак умрбод озодликдан маҳрум этилди. Ҳодиса оқибатида икки нафар бола вафот этган. Бу ҳақда вилоят судлари матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 15 май куни Ғузор туманида содир бўлган. Судланувчи С.Т. жабрланувчи аёлнинг уйига бориб, у билан жанжаллашган. Кейин у беш литрли идишда бензин олиб келиб, аёл ва унинг тўрт нафар фарзанди устидан қуйган ҳамда уларга ўт қўйган.
Ҳодиса оқибатида аёл ва икки нафар фарзанди тирик қолган. Олти ёшли ўғил бола ва 11 ёшли қиз оғир куйиш жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Судда жабрланувчи аёл эркакка нисбатан энг оғир жазо тайинланишини сўраган.
"Олий жазо беришларини сўрайман. Энди икки нафар болам қайтиб келмайди. Енгил жазо бермасангиз, бундайлар янада кўпайиб кетади. Олий жазо беришларингизни сўраб қоламан", — деган у суд мажлисида.
Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди эркакни қасддан одам ўлдириш, қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ҳамда мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказишда айбдор деб топиб, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.






