Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида ўтказилган рейдда уч фуқаро Зарафшон дарёсида электр қармоқ ёрдамида ноқонуний балиқ тутгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат бугун, 30 сентябрь куни “Қоровултепа” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси бўйида кузатилган. Рейд давомида аниқланишича, Қизилтепа тумани Тошработ қишлоғида яшовчи фуқаролар – Ғ.Ш., О.М. ва A.З. Зарафшон дарёсида электр қармоқ ёрдамида ноқонуний балиқ тутган.
Ҳуқуқбузарлар жами 26 та товон, 8 та оқ амур, 6 та дўнгпешона, 32 та зоғора, 32 та лаққа, 249 та Самарқанд лойхўраги ҳамда 46 та Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Туркистон мўйловдори балиқларини овлаган. Оқибатда табиатга 6 миллиард 324 миллион сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда чора кўриш учун вилоят прокуратурасига юборилган.