Ядровий арсеналларга эга ёки уларни ривожлантиришга интилаётган давлатлар сони ортиб бораётгани халқаро миқёсда хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Ядровий тийиб туриш: тамойиллар ва реаллик
Совуқ уруш даврида ишлаб чиқилган ядровий тийиб туриш тамойили Ўзаро кафолатланган ҳалокатга асосланган эди. Бу доктринанинг мазмуни шундан иборат эдики, низолашаётган томонларнинг ҳеч бири ядровий зарба беришга журъат эта олмасди, чунки бу дарҳол жавоб зарбаси берилишига ва ҳар икки томоннинг бутунлай йўқ қилинишига олиб келарди. Шу тариқа, ядро қуроли амалда йирик давлатлар ўртасида самарали равишда тинчликни сақлаш воситасига айланди.
Бироқ Шимолий Корея ва ядровий қуролга интилаётган потенциал давлатлар каби ядровий кучлар сони ортиб бораётгани сабабли, тийиб туриш тамойили янги муаммоларга дуч келмоқда. Вазиятлар олдиндан айтиб бўлмайдиган даражага ўтмоқда, айниқса мураккаб сиёсий тартиблар ёки халқаро иҳотада бўлган давлатлар ҳақида гап кетганда бу муаммо кескинроқ қиёфа касб этади.
Таъкидлаш керак, 2024 йил январь ойи ҳолатида дунё бўйича жами 12 121 та жанговор ядровий каллаклар мавжуд бўлиб, уларнинг 9 585 таси жанговор шайлик ҳолатида турибди.
Россия: янги ядровий риторика
Дунёда AҚШдан кейин иккинчи йирик ядровий арсеналга эга бўлган Россия сўнгги йилларда ўзининг геосиёсий стратегиясининг бир қисми сифатида ядровий таҳдидлардан фойдаланмоқда. 2022 йилдан бери, Украина билан қуролли можаро пайтида Россия раҳбарияти миллий хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдидларга жавобан ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлади. Стокгольм тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2023 йил бошида Россияда тахминан 5977 та ядро каллаклари бор эди. Ушбу жанговар каллакларнинг аксарияти захирада бўлса-да, Россия ўз арсеналини фаол равишда модернизация қилмоқда, асосий эътиборни гипертовушли ракеталар ва ядровий каллакларни етказиб беришнинг янги воситаларини ишлаб чиқишга қаратмоқда. Бу эса бундай таҳдидларни ушлаб қолиш қобилиятини сезиларли даражада қийинлаштиради. Бошқача қилиб айтганда, ядровий устуворлик тийиб туриш эмас, кўпроқ сиёсий-ҳарбий шантаж воситасига айланиб бормоқда.
Бир мисол: 2022 йилда Россия Президенти Владимир Путин унинг мамлакати ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун барча мавжуд воситаларни, жумладан, агар таҳдидни жиддий деб ҳисобласа, ядровий қуролдан фойдаланишга тайёрлигини айтди. Бу баёнот халқаро ҳамжамиятда минтақавий можароларда ядро қуролидан фойдаланишнинг мумкин бўлган сценарийлари муҳокамасига сабаб бўлди.
Шимолий Корея: олдиндан айтиб бўлмайдиган ўйинчи
Ҳозирда Корея Халқ Демократик Республикаси энг беқарор ядровий давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу мамлакат 2006 йилда биринчи муваффақиятли ядро қуроли синовини ўтказди ва шундан сўнг халқаро санкцияларга қарамай, ўзининг ядровий имкониятларини фаол равишда кенгайтириб келмоқда. 2023 йил ҳолатига кўра, Шимолий Корея 6 дан ортиқ йирик ядровий синовларни ўтказди ва у 20 дан 50 гача ядровий каллакларни ўз ичига олган арсеналга эгалиги тахмин қилинмоқда.
Шимолий Корея ядро дастурининг муҳим жиҳати — Ким Чен Ин тартибининг AҚШ ва унинг Осиёдаги иттифоқчиларига етиб боришга қодир бўлган етказиш воситаларини (ракеталарни) ишлаб чиқиш истаги ҳисобланади. 2022 йилда Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракеталарни (ҚБР) муваффақиятли синовдан ўтказди ва бу AҚШга ядровий зарба бериш қобилиятини сезиларли даражада оширди.
Масалан, 2022 йил октябрь ойида Шимолий Корея раҳбарияти ядро қуролига нафақат тийиб туриш воситаси, балки халқаро ҳамжамиятни хавотирга солиб, душманларга қарши эҳтимолий “превентив” зарба бериш воситаси сифатида қарашини билдирди.
Исроил: ядровий клубнинг “норасмий”, аммо “эркатой” аъзоси
Исроил, гарчи унинг ядро қуролига эгалиги расман тан олинмаса-да, ядровий клубнинг “норасмий” аъзоси ҳисобланади. SIPRI ҳисоб-китобларига кўра, Исроилда камида 90 га яқин (кўпи билан 277) ядро каллаклари мавжуд бўлиб, бу минтақада муҳим устунлик беради.
Яҳудий давлатининг стратегияси “ядровий ноаниқлик” ҳисобланади. Яъни бу мамлакат ўз ядровий салоҳиятининг аниқ кўлами ҳақида душманларини бехабарликда ушлаб туришга муваффақ бўлмоқда. Бироқ, Исроил ташқи таҳдид юзага келган тақдирда ядро қуролидан фойдаланиши мумкин, бу унинг арсеналини минтақавий хавфсизликка энг катта таҳдидлардан бири сифатида қарашга мажбур қилади.
Хусусан, Яҳудий давлати 2019 йилда Эроннинг ядровий дастуридан жиддий хавотир билдирди ва уни миллий хавфсизликка бевосита таҳдид деб белгилади. Бунга мувофиқ Исроил ҳукумати Эроннинг ядровий иншоотларига превентив зарба бериш режаларини тайёрлади.
Ядровий клубнинг “ўгай аъзолари”: Покистон ва Ҳиндистон
Покистон ва Ҳиндистон Жанубий Осиёдаги асосий рақиб бўлиб қолмоқда ва уларнинг ядровий арсеналлари ўсишда давом этмоқда. Ҳар икки давлат ядровий кучларини, айниқса, янги ракета технологиялари ва ядровий етказиб бериш воситаларини ишлаб чиқиш контекстида фаол равишда модернизацияни амалга оширмоқда. 2024 йил январ ойи ҳолатига кўра, Ҳиндистон ва Покистон тахминан тенг ядровий арсеналга эга эди – Ҳиндистонда 172, Покистонда 170 та ядро каллаклари мавжуд бўлган. Ўтган йилги маълумотларга кўра, уларнинг ҳар бирида 165 тадан ядровий каллак бўлган ва бу ядровий арсенални кўпайтириш тенденцияси мавжудлигини англатади. Қолаверса, ушбу минтақада, айниқса Кашмирдаги ҳал этилмаган ҳудудий можаро муносабати билан кескинлик сақланиб қолмоқда.
Замонавий дунёда ядро қуролига эҳтиёж борми?
Айни замонда халқаро ҳамжамият олдида муҳим савол турибди: замонавий дунёда ядро қуролига эҳтиёж борми? Ядро қуроли тийиб турувчи восита ҳисобланса-да, айниқса, беқарор тартиблар ва глобал можароларда улардан фойдаланиш таҳдиди юқорилигича қолмоқда.
Киберқуроллар, биологик қуроллар ва ядровий ракеталарни тутиб олишга қодир ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари каби янги турдаги қуролларнинг ривожланиши билан ядро арсеналининг аҳамияти ўзгариши, аниқроғи пасайиши мумкин. Масалан, AҚШнинг THAAD тизими ёки Россиянинг С-500 тизими каби замонавий ракетага қарши мудофаа тизимлари ядровий таҳдидни қисман зарарсизлантириши мумкин. Бироқ уларнинг тўлиқ миқёсли ядро урушидаги самарадорлиги шубҳа остида турибди.
Ядровий қиёмат соати: фалокат яқинлашмоқдами?
1947 йилда ядро физикаси олимлари бюллетени томонидан яратилган “Қиёмат соати” глобал ядро уруши таҳдидининг рамзи бўлиб қолмоқда. Бу соат дунёнинг ядро уруши ёки бошқа турдаги офатлар каби глобал фалокатга қанчалик яқинлигини кўрсатади. 2023 йил январ ойидан бошлаб, “Қиёмат соати” ярим тун (24:00) гача 90 сонияга яқинлашди, бу эса “ярим тунга” энг яқин бўлган вақт ҳисобланади.
Ушбу рамзий метафора Россия, Шимолий Корея ва бошқа давлатларнинг ядровий хавфи ортиб бораётгани сабабли дунё ҳақиқий ядро уруши остонасида турганига ишора қилади. Мутахассислар ҳалокатнинг олдини олиш учун қуролсизланиш ва ядровий қурол назорати бўйича халқаро музокараларни қайта бошлашга чақирмоқда.
Таёқнинг икки учи
Ядро қуроли жаҳон сиёсатидаги энг хавфли ва деструктив омиллардан бири бўлиб турибди. Шу сабабдан, айни шароитда халқаро ҳамжамият ядровий қуролсизланишга эришиш, қуролларни назорат қилиш бўйича янги шартномаларни ишлаб чиқиш ва ядровий можароларнинг олдини олиш механизмларини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириши керак. Aкс ҳолда, “Қиёмат соати”га кўра, дунё биз 70 йилдан кўпроқ вақт давомида олдини олишга ҳаракат қилаётган фалокат ёқасига келиб қолиши мумкин.
Абдуллоҳ Саййид