Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШни ўт очишни тўхтатиш бўйича эълон қилинган келишувни бузганликда айблади. Расмий баёнотга кўра, Америка қўшинлари сулҳ кучга кирганидан кейин ҳам “ноқонуний ва асоссиз ҳаракатларини” давом эттирган.
Теҳрон сўнгги 48 соат ичида АҚШ томонидан ўт очишни тўхтатиш режими бир неча бор қўпол равишда бузилганини таъкидлади. Шу билан бирга, Эрон расмийлари Вашингтоннинг бу ҳаракатлари “жавобсиз қолдирилмаслиги”ни маълум қилди.
Бироқ Эрон томони АҚШ томонидан айнан қайси ҳаракатлар сулҳни бузганига оид аниқ маълумотларни очиқламаган.
АҚШ: “Зарбалар ҳарбийларни ҳимоя қилиш учун берилди”
АҚШ Марказий қўмондонлиги эса америкалик ҳарбийларни ҳимоя қилиш мақсадида айрим зарбалар амалга оширилганини билдирди.
Вашингтонга кўра, бу ҳаракатлар мудофаа характерига эга бўлган ва ҳозирча ўт очишни тўхтатиш режими кучда қолмоқда.
Бу баёнотлар ортидан минтақадаги вазият янада кескинлашиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар кучаймоқда.
Ядровий келишув бўйича музокаралар давом этмоқда
Шу билан бирга, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Эрон билан ядровий дастур бўйича вақтинчалик келишувга эришиш эҳтимоли юқори эканини айтди.
“The Washington Post” нашри тарқатган маълумотга кўра, муҳокама қилинаётган эҳтимолий ҳужжатда Теҳрон юқори даражада бойитилган уран захираларидан воз кечиши назарда тутилган.
Бироқ Эрон расмийлари мазкур хабарни рад этди ва бундай шартлар бўйича келишув муҳокама қилинаётганини инкор қилди.






