Тошкентда ўғил болага қизлар кийимини кийдирган тарбиячи ишдан олинди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, Болалар омбудсманига Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи фуқародан мурожаат келиб тушган.
Фуқаро ўз мурожаатида Миробод тумани МТТда тарбиячи ўғлига қизлар кийимини кийдириб, лаб ва юзларини бўяганини ҳамда аёллар рақсини ижро эттирганини баён этган.
Боланинг отаси тарбиячи бу билан ўғлининг шаъни ва қадр-қимматини камситгани, воқеадан Телеграм орқали келган фото ва видео тасвирлардан хабар топганлигини билдириб, боласининг бузилган ҳуқуқлари тикланишида ёрдам сўраган.
Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу тадбирни ашкилаштирган тарбиячи X.Q. саҳна хусусиятлари юзасидан отадан рухсат олмагани аниқланиб, унга нисбатан Меҳнат Кодексининг 157-моддаси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.