Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл ўзига нисбатан импичмент эълон қилинганидан сўнг таслим бўлмаслигини элон қилди. У бу ҳақида бугун халққа қилган мурожаатида айтиб ўтди, дея ёзмоқда "Zamon.uz"
“Мен ҳеч қачон таслим бўлмайман. Мамлакатим учун охирги дақиқагача танқидлар, рағбатлантиришлар ва қўллаб-қувватлашни ёдда тутган ҳолда барча имкониятларимни ишга соламан”, — деди президент.
Юн Сок Ёл, шунингдек, барча саъй-ҳаракатларининг беҳуда бўлиши мумкинлигидан афсусда эканини билдирди. Шу билан бирга, у давлат хизматчиларини қонун бўйича президент вазифасини бажарувчи бўладиган бош вазир Хан Док Су билан биргаликда ишлашга чақирди ва корейс халқининг хавфсизлигини таъминлашни сўради.
Энди мамлакат Конституциявий суди президентнинг импичменти бўйича ишни кўриб чиқишни бошлайди ва уни тасдиқлаш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Жараён 6 ойгача давом этиши мумкин. Агар Юн Сок Ёл лавозимидан четлатилса, янги президентлик сайлови ўтказилади.