Сурия Марказий банкида ҳозирги бозор қиймати тахминан 2,2 млрд долларга тенг 26 тонна олтин сақланмоқда. Бу ҳақда "zamon.uz" ёзмоқда.
Reuters агентлигининг аниқлик киритишича, Сурия МБ валюта захиралари нақд пулда 200 млн долларни ташкил этмоқда. Собиқ ва амалдаги суриялик амалдорларнинг сўзларига кўра, доллар захиралари деярли тугаб битган. Банк омбори портлашлардан ҳимояланган, уни очиш учун кодлар кетма-кетлиги ва учта калит керак, улар ҳар хил одамларнинг қўлида, деган манбалардан бири. Дамашқ мухолифатчилар қўлига ўтганидан бир неча кун ўтиб, Сурия янги маъмуриятининг вакиллари банкни кўздан кечиришган.
Аввалроқ Financial Times газетаси ағдарилган президент Башар Асад ҳали ҳукумат тепасида бўлган 2018-2019 йилларда Сурия МБ Москвага миллионлаб доллар нақд пул ортилган бир нечта самолётни жўнатгани ҳақида ёзганди.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь охирларида маҳаллий мухолифатнинг қуролли гуруҳлари фаоллашиши оқибатида Сурияда сиёсий вазият танглашганди. Мухолифат 8 декабрга ўтар кечаси пойтахт Дамашқни эгаллагач, Башар Асад бошқарув даври тугагани эълон қилинган.
Айни пайтда Башар Асад ва унинг оиласи Москвада паноҳ топган.