Туркиянинг Анталия вилояти Кепез туманида юз берган торнадо оқибатида беш нафар ишчи ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди. Кучли шамол қурилиш майдонида ишчилар яшаши учун ўрнатилган иккита контейнерни ағдариб, вайрон қилган. Бу ҳақда «Haberler» хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 26 октябрь куни соат 23:00 атрофида Кепез туманининг Февзи Чақмоқ маҳалласида содир бўлган. Торнадо қурилиш майдонидаги ишчилар яшайдиган контейнерларни ағдариб юборган. Оқибатда контейнер ичида бўлган ишчилар ташқарига отилиб чиққан.
Дастлаб икки нафар ишчи ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Шифохонага олиб борилган яна уч киши эса шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай вафот этган. Жароҳатланган яна бир ишчининг аҳволи яхши экани айтилган.
Анталия вилояти ҳокими Ҳулуси Шаҳиннинг маълум қилишича, ҳудудда кам учрайдиган «ҳужайравий торнадо» ҳодисаси кузатилган. Унинг таъкидлашича, табиий офат фақат муайян ҳудудга таъсир кўрсатган, яқин атрофдаги бошқа контейнерларга зарар етмаган.
Торнадо оқибатида қурилиш майдонидаги йирик кран ҳам қулаб тушган. Бироқ ушбу ҳодиса натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва жароҳат олмаган.
Ҳодиса жойида қутқарув ва қидирув ишлари олиб борилган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган бошқа одамлар бор-йўқлигини текширган. Шунингдек, ҳалок бўлган ишчиларнинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилган.






