АсосийДУНЁ

Истанбулда коррупция иши бўйича 58 киши қўлга олинди

Операция Истанбулдаги мухолифат вакиллари бошқараётган муниципалитетлар билан боғлиқ терговлар давом этаётган бир пайтда ўтказилди.

'Истанбулда коррупция иши бўйича 58 киши қўлга олинди'ning rasmi

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Бакиркўй тумани муниципалитетида коррупция бўйича тергов доирасида 58 киши қўлга олинди. Улар орасида туман ҳокимининг беш нафар ўринбосари, муниципал кенгашнинг икки нафар аъзоси ва турли бўлим раҳбарлари бор. Бу ҳақда "DHA" ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, прокуратура жами 68 нафар гумонланувчини қўлга олиш бўйича топшириқ берган. Улар орасида муниципалитет ходимлари ҳамда тендерларда иштирок этган компаниялар вакиллари бор. Қолган 10 нафар гумонланувчини қидириш ишлари давом этмоқда.

Тергов давлат харидларида қонунбузилишларга йўл қўйилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг бошланган. Шунингдек, айрим тадбиркорлар муассасалар фаолияти учун зарур рухсатномаларни олиш эвазига улардан ноқонуний равишда пул талаб қилинганини билдирган. Тўловдан бош тортган тадбиркорларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш эса атайлаб кечиктирилгани айтилмоқда.

Мутахассислар 2024–2026 йилларда муниципалитетнинг турли бўлимлари томонидан ўтказилган 42 та тендерга оид ҳужжатларни ўрганган. Тергов доирасида гумонланувчиларнинг телефон суҳбатлари ва молиявий разведка материаллари ҳам таҳлил қилинган.

Тергов мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, тендерлардаги қонунбузилишлар ва товламачилик гумонлари бўйича олиб борилмоқда.

Операция Истанбулдаги мухолифат вакиллари бошқараётган муниципалитетлар билан боғлиқ терговлар давом этаётган бир пайтда ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбулнинг яна бир туманида ҳоким ва беш киши қурилиш ҳамда бинолардан фойдаланишга рухсатномалар беришдаги эҳтимолий қонунбузилишлар бўйича тергов доирасида қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

    Бошқа янгиликлар