Эркин Мадорбекович Муҳитдинов Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бу шуни англатадики, шу пайтгача Ўрмон хўжалиги агентлиги директори сифатида ишлаб келган Низомиддин Жалилович Бакиров лавозимидан озод этилган, бироқ унинг на ишдан кетгани, на бунинг сабаби ва на бошқа бирор ишга ўтгани хабар қилинмади.
Агентлик директори сифатида иш бошлаётган Эркин Муҳитдиновга тўхталадиган бўлсак, у ўтган йилнинг декабрида Экология вазирлигида Ўрмон, биохилма-хиллик ва экотуризм сиёсатини юритиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Бунгача у 2023 йилнинг август ойидан 2024 йилнинг 20 майига қадар Оҳангарон туманини бошқарган, 2024 йилнинг май ойида Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Маълумот учун, Эркин Муҳитдинов 1976 йилда Андижон вилоятида туғилган. 1997 йилда Андижон иқтисод бошқарув институти (бакалавр), 2000 йилда Банк-молия академияси (магистратура), 2007 йилда эса Япониядаги Ривожланаётган иқтисодиётлар институти Олий мактабини тамомлаган. Эркин Муҳитдинов иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори ҳисобланади. У “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Эркин Муҳитдинов Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки, “Туронбанк” АТБ, Марказий банк, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Президенти девонининг Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш хизматининг бандлик ва аҳоли турмуш даражаси масалалари сектори, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида ишлаган.