Малайзияда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовга мамлакатимиз маданий меросига оид тарихий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари топширилди. Булар: Абу Райҳон Берунийнинг "Ат-Тафҳим" ва Абулқосим Фирдавсийнинг Темурийлар даврида кўчирилган "Шоҳнома" асарлари. Ислом тафаккури ва цивилизацияси институтида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромидин Гадоев ҳам иштирок этди.
Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов қадимий қўлёзмалар нусхаларини қабул қилиш жараёни ҳақида фикр билдирди:
"Бугунги кунда Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуслари билан тарихий меросимизни ўрганиш ва инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан саккиз йил муқаддам давлатимиз раҳбари фармонларига биноан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинди. Марказимизда Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини акс эттириш, юртимизда ва хорижда сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий ва маърифий ёдгорликларни тадқиқ этиш кўзда тутилган. Шунингдек, буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини ўрганиш ҳамда маданий ёдгорликларни тадқиқ қилиш борасида фаол ишлар амалга оширилмоқда. Бугун қабул қилинган қўлёзма нусхалари ҳам марказимиз экспозициясини янада бойитади".
Бу қўлёзмалар Ислом цивилизацияси марказининг тарихий экспозициясида намойиш этилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, ўтган йилнинг декабрь ойида Малайзиядаги Халқаро Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти хузуридаги Ислом цивилизацияси кутубхонасидан Ўзбекистоннинг маданий меросига оид тарихий қўлёзмалар топилгани ҳақида хабар берилганди.
Абу Райҳон Беруний (973–1048) асарлари ва илмий кашфиётлари дунё илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг 1197 йилда кўчирилган "Ат-Тафҳим" асари жаҳон илм-фанида муҳим манба сифатида эътироф этилган. Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома"си эса XV асрда Темурийлар даври китобат санъати анъаналари асосида кўчирилган. Асарда Камолиддин Беҳзод миниатюра мактабига хос элементлари аниқланган.