Президент ўз мурожаатида жанг майдонларида жасорат кўрсатиб, инсониятни фашизм балосидан қутқаришга ҳисса қўшган қаҳрамонлар хотирасига таъзим билдириб, бугун орамизда яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийларига юксак эҳтиром изҳор этди. Шунингдек, мустақиллик йилларида Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хотираси ҳам ёдга олинди.
Таъкидланишича, фашизмга қарши урушда ўша даврда 6,8 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистондан 1 миллион 950 минг нафар иштирок этган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолган, 60 мингдан зиёд киши ногирон бўлиб қайтган. 214 минг нафар ўзбекистонлик аскар ва офицер жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган, 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.
Президент уруш йилларида Ўзбекистон фронт ортидаги мустаҳкам таъминот базасига айланганини, республика 1,5 миллиондан ортиқ эвакуация қилинган инсонга, жумладан 250 минг болага бошпана берганини эслатди.
Сўнгги йилларда фахрийларни қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этаётгани, жорий йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 30 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилгани қайд этилди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб хотира тадбирлари, уч авлод учрашувлари ва спорт мусобақалари ўтказилаётгани айтилди.
Мурожаат якунида давлат раҳбари тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси эканини таъкидлаб, барча ватандошларни байрам билан табриклади.






