Жорий йилнинг 16 январь куни “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.
Маросимни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева қутлов сўзи билан очиб берди.
“Гендер тенглик фаоли” миллий танлови Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Ушбу танловни ташкил этишдан асосий мақсад ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириш, соҳада амалга оширилаётган илғор тажрибаларни аниқлаш ва оммалаштириш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминлаш масалалари янги таҳрирдаги Конституцияда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Гендер тенгликка эришиш стратегияси каби консептуал ҳужжатларда ўзининг тўлиқ ифодасини топган.
Бу борада олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда.
Хусусан, Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди.
Очиқ гендер маълумотлар индексида энг яхши 20 та давлат қаторидан жой олди.
Гендер тенглик ва бошқарув индексида эса 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади.
“Гендер тенглик фаоли” миллий танловида иштирок этиш учун 934 та ташкилот ва муассасалар томонидан ҳужжатлар тақдим этилди. Улар танлов Комиссияси томонидан низом талаблари асосида баҳоланиб, 10 та номинация бўйича қуйидагилар ғолиб деб топилди.
“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи” – Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси.
“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи” – Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги.
“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман давлат органи” – “Аммофос-Махам” АЖ.
“Гендер тенглик таъминлашда энг фаол ҳудудий ҳокимлик” – Хоразм вилояти ҳокимлиги.
“Гендер тенглик таъминлашда энг фаол туман ҳокимлиги” – Шароф Рашидов туман ҳокимлиги.
“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ” – Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби” ННТ.
“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субекти” – “Акбаржон Баракат”МЧЖ.
“Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши ТВ-дастур” – “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази “Юридик клиника” кўрсатуви.
“Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал” – “Oyina.uz” маънавий-маърифий портали.
“Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр” – “Янги Сирдарё” газетаси.
Танлов ғолиблари эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди.