Жаҳонда содир бўлаётган мураккаб глобал жараёнларни инобатга олган ҳолда Қуролли Кучларнинг қудрати, Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш мақсад қилинган. Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.
Унга кўра, “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлинмаларини 2022—2026 йиллар мобайнида замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника, бошқа зарур жиҳозлар ва воситалар билан таъминлаш, мавжуд техникаларни таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича комплекс дастури”нинг ижроси юзасидан 2025 йил учун режалаштирилган товар (иш, хизмат)ларнинг хариди амалга оширилади.
Мудофаа вазирлигига ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида 2025—2026 йилларда Мудофаа вазирлиги бўлинмаларини зарур топогеодезик ва геоахборот дастурий таъминот воситалари ва махсус техникалар билан босқичма-босқич таъминлаш режалаштирилмоқда. Соҳа мутахассисларини замонавий геоахборот ва топогеодезик таъминот бўйича билим ва кўникмалари ошириб борилади.
Ерни масофадан зондлаш материаллари (космосуратлар) ёрдамида электрон хариталарини яратиш ва янгилаш кўзда тутилган.
Умумтаълим ташкилотларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқув-услубий ва дастурий жиҳатдан такомиллаштириб бориш, фан ўқитувчиларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, белгиланган тартибда босқичма-босқич моддий-техник жиҳатдан таъминлаб бориш ишларини амалга ошириш белгиланди.
Лойиҳага кўра, Мудофаа вазирлиги тизими (марказий аппарат, ҳарбий округ, бирлашма, қўшилма, ҳарбий қисм ва муассасалар)да Ягона кадрлар ахборот электрон платформасини яратилиб, ишга туширилади.
Истиқболли командир ва бошлиқларни маҳаллий (президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академия, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби ва бошқалар) ҳамда хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида босқичма-босқич ўқитиш ва малакасини ошириш йўлга қўйилади.
Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталларини замонавий МСКТ, МРТ ва ЭхоКГ (VEM тизими билан) билан белгиланган тартибда таъминлаш давом эттирилади. Вазирлик ҳарбий госпиталлари 6 дона реанимобил билан босқичма-босқич таъминланади. Эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, вазирлик қўшинлари санитар автомобиллар билан босқичма-босқич таъминланади.
Ватанни ҳимоя қилишда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ўғлонлар ҳаёти ва қаҳрамонликлари ҳақида кўрсатув ва қисқа лавҳалар тайёрлаш ҳамда намойиш этиш режалаштирилган.