Ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимларининг нотўғри муолажаси оқибатида 2 ойлик чақалоқнинг қўллари кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан ССВ қуйидагиларни маълум қилди.
Аниқланишича, 2024 йил 9 декабрь куни соат 15:30 лар атрофида пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи 2024 йилда туғилган қизалоқ Ҳ.Ж. ота-онаси томонидан Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонасига тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, хириллаш, ҳансираш, безовталик ва ҳолсизлик каби шикоятлар билан олиб келинган.
Бемор зудлик билан навбатчи шифокор Н.Султанова томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган.
Дастлабки текширув давомида унга “Шифохонадан ташқари пневмония” ташхиси қўйилган. Беморнинг аҳволи шифокорлар томонидан оғир дея баҳоланиб, дарҳол муассасанинг чақалоқлар ва чала туғилган чақалоқлар патологияси бўлимига госпитализация қилинган.
Шунингдек, бўлимда гематолог, ангиохирург, болалар жарроҳи, неонатал-жарроҳ каби тор соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган қўшимча ва клиник тиббий текширувлар натижасида беморга “Асосий: Сепсис. Септицемия. Covid-19 этиологияли шифохонадан ташқари пневмония” асосий ташхиси ҳамда “Туғма юрак нуқсони-бўлмачалараро тўсиқ нуқсони” касаллиги ва унинг асорати бўлган “Нафас етишмовчилиги 1-2-даража. Юрак-қон томир етишмовчилиги 1-2-а даражаси” ташхиси қўйилган.
Муассасада даволаниш вақтида қизалоқда “Чап томонлама елка артерияси тромбоэмболияси. Чап қўл ва чап қўл панжасида қон айланишининг 3-а даражали ўткир бузилиши, полиорган етишмовчилиги” кузатилган.
Шу боис бемор ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ампутация ўтказишга қарор қилинган ва ота-онасининг розилиги билан унда жарроҳлик аралашуви амалга оширилган. Ҳозирда чақалоқнинг аҳволи стабил ҳолатда.
Айни пайтда мазкур ҳолат Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олиниб, вазиятга аниқлик киритиш мақсадида хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Якуний хулосалар бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади.