Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, сайёрамиз бўйича 50 миллиондан ортиқ киши эпилепсия касаллигидан азият чекмоқда. Ачинарлиси, кейинги даврда улар сони йилига 5 миллион нафарга ортяпти. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Бу патология – бош миянинг сурункали хасталиги. У 70 фоиз ҳолатда 20 ёшгача бўлган даврда ривожланади.
Бироқ эпилепсия ҳар доим ҳам яққол аломатлар билан намоён бўлмайди. Бу эса хасталикни эрта босқичда аниқлаш имконини пасайтиради. Оқибатда турли асоратлар келиб чиқиши мумкин.
Масалан, фотостимуляция — касалликка ташхис қўйишнинг асосий усулларидан бири. Бу жараёнда тиббий технология ёрдамида бемор кўзига ёрқин нур чақнашлари йўналтирилади.
Аммо мазкур усул фақат фотосенситив эпилепсияни аниқлашда қўл келади. Хасталикнинг ёруғликка сезувчанлиги бўлмаган турига ташхис қўйишда эса янги диагностика усулларига эҳтиёж бор эди.
Россиянинг Болтиқ федерал университети ҳамда Н.И. Пирогов номидаги миллий тиббий жарроҳлик маркази олимлари электроэнцефалография таҳлилининг янги усулини ишлаб чиқди. Бу жараёнда сунъий интеллект технологиясидан фойдаланилади.
Тадқиқотчилар янги турдаги текширувни 108 нафар кишида синовдан ўтказди. Уларнинг ярми фотосенситив бўлмаган эпилепсия билан оғриган беморлар, қолган қисми эса соғлом инсонлар эди.
Маълум бўлишича, янги таҳлил усули эпилепсиянинг фотосенситив бўлмаган турига 71 фоиз аниқликда ташхис қўйиш имконини беради. Келгусида мазкур янгилик кенг қамровда синовдан ўтказилиши кутилмоқда.