АсосийDunyo

Қозоғистон – юксалиш пиллапояларида!

Жорий йилда Қозоғистон ўз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонламоқда.

Чорак аср у қадар катта фурсат эмас. Айримлар бу муддат ичида мамлакат бундан-да, каттароқ ютуқларни қўлга киритиши мумкин эди, деб ўйлашар. Бироқ, саволни бошқачароқ қўйса ҳам бўлади: бундай ютуқларга эришолмаслик ҳам мумкин эди-ку? 

Остона бюджет маблағига эҳтиёж сезмайди

Мисоллар жуда кўп. Биргина, мамлакат раҳбарининг ўз халқига истиқлол туҳфаси сифатида ўта қисқа вақтда  бунёд этилган янги пойтахти — Остона шаҳрини олайлик. Бу шаҳар тезлик билан мамлакатнинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий марказига айлана олди.  Остона бежиз пойтахт этиб танланмаган. У жўғрофий ўрнига кўра, мамлакат  марказида жойлашган, бу барча  ҳудудларни ҳам бир нуқтада бирлаштиришда қулайлик туғдиради. Саноқли йиллар ичида шаҳарда кўплаб маъмурий бинолар, турар-жойлар, савдо ва ишлаб чиқариш корхоналари ишга тушди.  Йигирма йилдан камроқ вақт ичида шаҳар аҳолиси бир миллион кишига етди. Иқтисодий жиҳатдан Остона бюджет маблағига эҳтиёж сезмаяпти. Сиёсий нуқтаи назардан ҳам пойтахт ўз обрў-эътиборига эга. 

Мамлакатнинг халқаро нуфузи ҳам тобора ортиб бормоқда. Қозоғистон эндиликда ЕХҲТ ёки бошқа йирик ташкилотлар иштирокидаги форум ва саммитлар майдони эмас, балки тинчликни таъминлашга ҳисса қўша оладиган қудратли давлатга ҳам айланди. Бу борада Сурия ва Эрон ўртасида айнан шу ерда ўтказилган қатор музокараларни мисол келтириш мумкин.

Қозоғистон БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши муваққат аъзоси этиб сайланиши ҳам мамлакатнинг тинчликпарвар сиёсатини яна бир карра тасдиқлайди. Албатта, бу ютуқлар мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун у даражада муҳим эмасдир. Чунки, ҳар ким бу масалага ўз нуқтаи назаридан ёндошиши, “мен учун ўтган 25 йил ичида нима ўзгарди?” дея ўз-ўзига савол бериши мумкин.

1992 йилда мамлакатда гиперинфляция 2500 фоизга бориб қолганди. 1993 йилда эса, бу кўрсаткич 60 фоизга тушди. Албатта, бу ҳам катта кўрсаткич эди. 2000 йилда мамлакатда ўтказилган пул-кредит сиёсати сабаб ушбу рақам 9,8 фоизни ташкил қилди. Бугун мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоев ҳукумат олдига инфляция даражаситни йиллик 6-8 фоиздан оширмаслик вазифасини қўйган. Ялпи миллий маҳсулот бўйича ҳам худди шундай манзарани кўришг мумкин: 1993 йилда бу кўрсаткич -9,2 фоиз бўлган бўлса, 2013 йилда 6 фоизга етди. 

Уран саноати ривожланмоқда

Мамлакат иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги, нефть қазиб олиш сингари  анъанавий тармоқлари қаторига ҳозир қайта ишлаш ва қурилиш, ахборот технологиялари, алоқа сингари соҳалар ҳам қўшилган. Албатта, айни пайтда Қозоғистондаги ривожланиш даражасини Япония ёки Жанубай Корея билан қиёслаш қийиндир. Аммо, мазкур давлатларнинг ҳам бу даражага етиши учун бир неча  ўн йиллар керак бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Юқори технологиялар соҳасидаги ўзгаришларга назар солайлик:  “Бойқўнғир” космодроми ташкил этилган дастлабки пайтларда  қозоғистонлик мутахассислар фақат учиш майдончаларида ишлаган бўлишса,  эндиликда  юксак тажриба ва малакалари сабабли  жаҳонга машҳур космодромнинг нақ “юрагида” меҳнат қилишади. 

Шунингдек, мамлакатда уран саноатини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Қозоғистон келгусида ушбу қимматли метални қазиб олиш ва сотишни эмас, уни қайта ишлашни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Бир пайтлар танқис маҳсулотлар учун узундан-узоқ навбатда турган одамлар ҳозир ҳам кўпчиликнинг эсида. Бугун ўлканинг турли ҳудудларида замонавий савдо  ва кўнгилочар марказлар ишлаб турибди. Асосийси, ана шу савдо мажмуаларини тўлдириб турган ранг-баранг маҳсулотларнинг аксарияти Қозоғистонда ишлаб чиқарилган. Бугун нондан тортиб, то локомотивларга қадар, Made in Kazakhstan тамғаси билан савдога чиқарилмоқда. Бугунги харидор нафақат супермаркетдан ўзи истаган турдаги маҳсулотни, керак бўлса автосалондан  исталган русумдаги  автомобилни танлаш ва харид қилиш имконига эга. Давроқе, бугун Қозоғистоннинг ҳар учинчи фуқароси мамлакатда йиғилган автомашинага эга. Бунда банкдан ажратилаётган имтиёзли кредитлар муҳим ўрин тутади. 

Ядро қуролидан ихтиёрий равишда воз кечган мамлакат

Гарчи, 25 йил ичида Қозоғистон G20 давлатлари қаторига кирмаган бўлса-да, аммо ушбу йигирматаликка кирадиган давлатлар Қозоғистонинг иқтисодий салоҳиятини юксак баҳолайди ва у билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айни пайтда Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг пешқадам давлатларидан бири бўлиб турибди. Мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоев шахсан замонавий Қозоғистон тизимини шахсан ишлаб чиқди. У гиперинфляция ва ишсизлик гирдобидаги мамлакатни ядро қуролидан ихтиёрий равишда воз кечган дунёдаги илк мамлакат, БМТнинг Хавфсизлик кенгаши аъзоси даражасига олиб чиқди. 

Айни пайтга қадар, мамлакат раҳбари томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар вақтдан илгарилаб бораётир ва улар орадан йиллар ўтса-да, ҳозиргидек долзарблигини йўқотмайди.

Бошқа янгиликлар