АсосийДунё

Россиянинг йирик ўқ-дорилар омборида портлаш юз берди

Мирний ва Барсово қишлоқлари аҳолисидан уйларини тарк этиш сўралган.

'Россиянинг йирик ўқ-дорилар омборида портлаш юз берди'ning rasmi

Россиянинг Владимир вилояти Киржач туманидаги ҳарбий қисм ҳудудида кучли портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.

Портлаш Барсово қишлоғида содир бўлган. Дастлабки версияларга кўра, Ракета ва артиллерия бош бошқармасининг 51-арсеналига кучли ҳужум уюштирилган. Ҳарбий қисм ҳудудида бир нечта портлашлар юз берган. Гап 11785-сонли ҳарбий қисм ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Ушбу ҳудудда бундан олдин ҳам портлаш юз берган, 2022 йилнинг ёзидаги ҳодисада 4 киши ҳалок бўлганди.

Мирний ва Барсово қишлоқлари аҳолисидан уйларини тарк этиш сўралган. Москва томондан Киржачга борадиган йўл тўсиб қўйилган. эвакуация нафақат Барсово ва Мирнийда, балки Звездний, Дубки қишлоғи, Першино, Храпки қишлоғи ва Грибановода ҳам эълон қилинган. Ушбу аҳоли пунктлари портлашлар содир бўлган жойдан 5 километр радиусда жойлашган.

Вилоят губернатори Александр Авдеевга кўра, воқеа жойида масъул хизматлар ишламоқда. Аммо у бошқа тафсилотларни очиқламаган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Киржач туманида портлашлар сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Россия ҳарбий департаменти маълумотларига кўра, ўқ-дорилар омборидаги портлаш портловчи моддалар билан ишлашда хавфсизлик талаблари бузилгани сабабли содир бўлган. Вазирлик маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида қурбонлар бўлмаган. Фавқулодда вазиятни аниқлаш учун бошқарма комиссия тузган.

“Тергов якунлари бўйича айбдор мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади”, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Омборнинг асосий вазифаси ўқ-дориларни сақлаш ва йиғишдан иборат бўлган.

    Бошқа янгиликлар