Лондонда 21 ёшли Украина фуқароси Р. Лавринович Буюк Британия бош вазири Кир Стармерга алоқадор уйлар ва автомобилни атайлаб ёқиб юборганликда гумонланмоқда. Ҳозирча жиноятнинг сабаблари номаълум.
Буюк Британиянинг “BBC News” нашрининг хабар беришича, 21 ёшли Украина фуқароси Роман Лавриновичга бош вазир Кир Стармер билан боғлиқ икки уй ва бир автомобилни атайлаб ёқиб юборганлик айби қўйилган.
Лондон полициясининг маълум қилишича, гумонланувчи 13 май куни жанубий-шарқий Лондондаги Сиденхем туманида қўлга олинган.
Лавринович учта эпизод — икки уй ва бир автомобилга ўт қўйиш орқали инсон ҳаётига хавф туғдирганликда айбланмоқда. Жиноят мотивлари ҳозирча ошкор этилмаган.
Полиция терговига кўра, ушбу воқеалар ўтган ҳафта — 11 ва 12 май кунлари содир бўлган. Дастлаб, Лондоннинг шимолидаги Кентиш-Тоюн туманида автомобиль ёқиб юборилган, сўнгра бош вазир Стармер истиқомат қилган хонадон, ундан кейин эса Стармер илгари яшаган яна бир уйда ёнғин содир бўлган.
Ёнғин оқибатида эшиклар ва бино фасадларига зарар етган, аммо ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Маълумот учун, Кир Стармер ва унинг оиласи 2024 йил июлидан бери Лондондаги Даунинг-стритдаги расмий бош вазир қароргоҳида яшаб келмоқда. Ёнғин содир бўлган уйлардан бири ҳозирда ижарага берилган.
“Бу фақат бизга эмас, балки бутун жамиятимизга, демократияга ва биз ҳимоя қиладиган қадриятларга қилинган ҳужумдир”, — дея баёнот берди Кир Стармер.
Полиция ҳозирда воқеаларнинг бошқа тафсилотлари устида иш олиб бормоқда. Тергов давом этмоқда.