Jodi лақабли нанотирранозавр скелети Нью-Йоркдаги Sotheby’s аукционида 47,3 миллион долларга харид қилинди. У аукционда сотилган энг қиммат динозавр скелетлари орасида иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Sotheby’s компанияси X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Скелетни харид қилиш учун олти нафар иштирокчи 12 дақиқадан ортиқ вақт давомида савдолашди. Якунда унинг нархи аукциондан олдин белгиланган баҳосидан қарийб саккиз баравар юқори бўлди.
Jodi ўз турига мансуб аукционга қўйилган илк нанотирранозавр скелети ҳисобланади. Бу турнинг ўзига хослиги шундаки, илмий ҳамжамият нанотирранозаврни тираннозаврнинг ёш боласи эмас, балки мустақил динозавр тури сифатида тан олган.
Аукционда Jodi скелетидан қимматроққа фақат Gas лақабли тираннозавр скелети сотилган. У жорий йил июль ойида Sotheby’s аукционида 50,1 миллион долларга харид қилинган. Савдолар 10 дақиқа давом этган, бироқ скелетнинг янги эгаси ким экани ошкор этилмаган.
Gas сотилгунига қадар аукционда энг қимматга баҳоланган динозавр скелети 2024 йилда 44,6 миллион долларга сотилган Apex лақабли стегозаврники эди. Уни америкалик миллиардер Кен Гриффин харид қилган. Ҳозирда скелет Нью-Йоркдаги Америка табиий тарих музейида намойиш этилмоқда.






