Варикоз — дунёда кенг тарқалган сурункали касалликлардан бири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ушбу патология сайёрамиз аҳолисининг ҳар беш нафаридан бирида учрайди.
Хўш, бу қайси омиллар билан боғлиқ? Хасталик қандай белгилар билан намоён бўлади? Хавфли асоратлари нималардан иборат?
— Ушбу касалликка кўпроқ аёллар мойил бўлади, — дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Акром Аҳмедов. — Бунинг асосий сабаби ҳомиладорлик билан боғлиқ. Яъни бундай опа-сингилларимизда 25-45 ёш оралиғида варикоз кўп кузатилади. Бундан ташқари, эркаклар ҳам 45-50 ёшларда бу касалликка чалинишга мойил.
Хасталикнинг келиб чиқишига ирсият, узоқ муддат тик оёқда туриш, бачадоннинг бошқа органларга кучли босими, қон томирлар сиқиши, семизлик, бириктирувчи тўқиманинг туғма заифлиги, кам ҳаракатлик, гормонал дориларни қабул қилиш, эндокрин муаммолар, юқори веноз босим, сурункали касалликларнинг ривожланиши каби бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Веналарнинг варикоз кенгайишида бир неча босқич фарқланади.
Биринчи босқичда иш кунидан кейин оёқларда оғирлик ва чарчоқ, тушдан кейин тўпиқ, оёқ ва пастки оёқ шиши кузатилади. Бундай ҳолда барча аломатлар тунги дам олишдан ёки фаол юришдан сўнг йўқолади.
Шунингдек, ушбу аъзонинг тез толиқиши, болдир соҳасида веноз тугунчалар пайдо бўлиши, тик турганда веналарнинг бўртиб чиқиши, тери қичишиши ва экземасимон дерматит ҳамда бошқа қатор белгилар ривожланади.
Баъзилар варикоз фақат эстетик муаммо, деб ҳисоблайди. Бу — янглиш хулоса. Ваҳоланки, мазкур касалликка ўз вақтида эътибор берилмаса, саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Хусусан, болдир соҳасида трофик яралар пайдо бўлиши, ўткир тромбофлебит, варикоз тугунининг ёрилиб, қон кетиши, ҳатто, ўлим ҳолати кузатилиши эҳтимоли мавжуд.
Шу боис варикознинг илк аломатлари пайдо бўлиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Хасталикка мойиллиги бор инсонлар учун профилактик чоралар муҳим. Вазнни меъёрда сақлаш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, сурункали жисмоний зўриқиш ҳамда узоқ вақт тик оёқда туришдан сақланиш, тор либос ва баланд пошнали пойабзал киймаслик тавсия этилади.