Тошкент метросида йил охиригача барча кассалар ёпилади. 2025 йил охиригача Тошкент метрополитенининг барча бекатларида чипта сотувчи аппаратлар ўрнатилади ва касса оператори лавозими штатлари тўлиқ тугатилади.
Маълум қилинишича, ёпилган кассалардаги оператор лавозими иш ўринлари босқичма-босқич қисқартирилмоқда.
Шунингдек, биринчи босқич доирасида 204 та касса оператори лавозим штатлари белгиланган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қисқартирилди.
Натижада, автоматлаштирилган банкоматларни метрополитеннинг барча бекатларида йил якунига қадар ўрнатиш режалаштирилган ва бунинг натижасида, Тошкент метрополитенида касса оператори ва катта оператор лавозимларига бўлган эҳтиёж қолмайди.
«Тошкент метрополитени» ДУК маъмурияти томонидан фаолият юритаётган оператор ходимлар учун янги қўшимча имкониятлар яратиш режалаштирилмоқда. Хизмат лавозими қисқартирилаётган ҳар бир ходимга, ўз истак ва имкониятларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар ўрганиш курсларида иштирок этиш таклиф қилинади. Улар бухгалтерия, тикувчилик, қандолатчилик ва шу каби бошқа йўналишлардаги курслардан бирини танлаш имкониятига эга бўлади.
Ушбу ўқув курсларининг тўловлари белгиланган тартибда «Тошкент метрополитени» ДУК томонидан тўлиқ қоплаб берилади.