Андижон вилоятида “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари хавза бошқармаси балансидан 10 сотих ер майдони олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Хабарша кўра, бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрихон тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.А. фуқаро С.Т.нинг ишончига кириб, унга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қўшимча объект қуриш учун Шаҳрихон тумани, “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси балансидаги 10 сотих ер майдонини гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали нотурар жой сифатида кадастр ҳужжатларини тайёрлаб олиб бериши эвазига 32 000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб, шундан 18 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.