Тошкентда ёш қизларга шаҳвоний шилқимлик қилган эркакка нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 май куни Учтепа тумани ҳудудида жойлашган болалар майдончасида 1977 йилда туғилган эркак 2012 йилда туғилган қиз О.Й. ва унинг дугонаси Л.А. га нисбатан шаҳвоний шилқимлик, яъни вояга етмаган қизларга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган.
Эркак ушбу қилмиши учун жавобгарликка тортилган, бироқ қизлардан бирининг онаси омбудсманга ушбу ҳолатга бола манфаати нуқтайи назаридан ёндашилмаганлигини баён қилган. Тергов ва суднинг тегишли ҳужжатлари ўрганилганда, мурожаат асосли экани маълум бўлди.
Шундан сўнг мазкур ишни тўла ва холисона текшириш учун Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатига илтимоснома киритилиб, 16 ёшдан кичик болаларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик ҳаракатларида жиноят аломатлари борлиги туфайли мазкур суд қарорини бекор қилган ҳолда жиноят иши қўзғатиш учун тегишли туман прокуратурасига юборилиши сўралган.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида иш кўриб чиқилди ва ишни қўшимча терговга қадар текширувга қайтариш ва прокуратура томонидан айбланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш тўғрисида суд қарори чиқарилди.