Ўзбекистон ОТМларига киролмаган абитуриентлар учун қўшимча қабул очилади. Унда 56,7 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, 2025/2026-ўқув йили учун қабул жараёнлари 25 сентябрдан 3 октябрга-қадар (шу куни ҳам) амалга оширилади. Унга кўра, 2025-йилги кириш имтиҳонларида 56,7 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган, шу жумладан, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга қуйидаги имкониятлар яратилади:
Давлат олий таълим ташкилотларида қолган вакант бакалавриат таълим йўналишларига танловда иштирок этиш учун 2025 йил 25 сентябрдан 3 октябрга қадар (шу куни ҳам) my.uzbmb.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади;
рўйхатдан ўтган абитуриентлар тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда вакант ўринларга базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади;
рўйхатдан ўтиш жараёнида фанлар мажмуаси мос бўлган бакалавриат йўналишини танлаш имконияти берилади;
Танлов натижалари бўйича қайдномалар 2025 йил 8 октябрга қадар чоп этилиб, тегишли олий таълим ташкилотларига талабаликка қабул қилиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш учун етказилади.
Умумий қабул параметрларида вакант ўринлар қолган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича маълумотлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.