Эҳтиёжманд аҳолига 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратиш учун аризалар қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йил ноябрь ойида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар ҳамда “Маҳалла еттилиги” томонидан қўшимча шакллантирилган рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Бугунги кунда мазкур икки реестрда (“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Камбағал оилалар реестри”) 816 мингта оила мавжуд.
Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” томонидан ушбу реестрлардаги оилаларнинг 40 фоизигача қўшимча равишда камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлган оилалар рўйхати шакллантирилмоқда. Жорий йил 19 сентябрь ҳолатига кўра, “Маҳалла еттилиги” томонидан 317 698 та қўшимча эҳтиёжманд оилалар рўйхати тузилган.
Талабгорлар “Маҳалла еттилиги” вакилларига 25 сентябрь кунига қадар ариза беришлари мумкин.
Аҳоли қўшимча маълумот олиш учун 1140 ёки 1070 қисқа рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.






