24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида бир неча болалар ўзини ёмон ҳис қилиб, шифохонага тушгани ҳақида аввал хабар бергандик. Ҳодиса жамоатчиликда катта қизиқиш ва хавотир уйғотгани боис, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
Вазирлик маълумотига кўра, болалар тумандаги тиббиёт бирлашмаларига юборилган ва уларга “Ошқозон-ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфексияси” ташхиси қўйилган. Ҳамма беморларга зарур муолажалар белгиланган, ва уларнинг аксарияти шу куниёқ соғайиб, уйларига жавоб берилган. Оғир ҳолатдаги бемор болалар аниқланмаган.
Мазкур ҳолат вазирлик назоратига олинган ва бугунги кунда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда батафсил ўрганилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, болалар истеъмол қилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти ушбу ҳолатга сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур маҳсулот Оққўрғон туманида жойлашган ишлаб чиқариш цехларидан биридан келтирилгани маълум қилинган.
Ҳозирда шифокорлар болалардан олинган таҳлиллар ҳамда боғчаларга етказилган озиқ-овқат маҳсулотларидан олинган намуналарни лабораторияда текширишмоқда. Эпидемиологик суриштирув жараёнлари давом этмоқда.
Вазирлик сўнгги текширув натижалари ва аниқланган ҳолатлар юзасидан қўшимча расмий маълумот берилишини маълум қилди.






