Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган комплекс тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган Ш.М. Ўзбекистон Республикасига депортация қилинди. Бу ҳақда Бош консулхона хабар берди.
Унга кўра, ушбу шахснинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилиш сўралмоқда.
Шу билан бир қаторда, солиқ ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаган ва божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган 2 нафар шахс (Х.Баротов ва С.Холов) ҳам қўлга олиниб, Ўзбекистон тергов органларига топширилди.
Жиноят жавобгарлигидан қочиб хорижий давлатларда, жумладан, Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил давом эттирилади ва жавобгарлик принципи қатъий таъминланади, дейилади хабарда.