Қозоғистоннинг шимолидаги Қостанай вилоятида мавсумнинг илк қори ёғди. “Todayinfo.kz” хабарига кўра, вилоятда қор сезиларли даражада ёққан ва ижтимоий тармоқларда аҳоли ушбу ҳолатни сурат ва видеолар орқали фаол муҳокама қилмоқда.
Синоптикларнинг маълум қилишича, кечалари ҳаво ҳарорати 1–6 даражагача совиб, кундуз кунлари эса 3–8 даражагача илиқлик бўлиши кутилмоқда. Ёғингарчилик давом этиши, ёмғирнинг эса яна қорга айланиши эҳтимоли мавжуд.
Мамлакатнинг катта қисми шимолий циклон таъсирида қолмоқда. Натижада шимолий ҳудудларда кучли ёмғир ва совуқ ҳаво кузатилмоқда, жануб ва шарқда эса ёғингарчилик бўлмаслиги кутилмоқда. Бутун республика бўйлаб шамол кучайиши, тонг ва тунда туман тушиши мумкин.
Қостанай полицияси ҳайдовчиларни эҳтиёт бўлишга чақирди — ёғингарчиликдан сўнг йўллар сирпанчиқ бўлиши мумкин. Транспорт қатнашчиларига тезликни камайтириш ва масофани сақлаш, пиёдаларга эса фақат белгиланган жойлардан йўлни кесиб ўтиш тавсия этилди.