Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Билдирилишича, низом “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури АТ “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” АТБ томонидан камбағал оилаларга қуйидагиларни сотиб олиш учун кредитлар ажратиш тартибини белгилайди:
тадбиркорликни бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари;
кўчма дўкон, мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситалар.
Бундан ташқари, дастур доирасида кредит аризалари қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки зарур ҳолларда, “маҳалла еттилиги” кўмаги асосида платформа орқали тақдим этилади.
Аризалар скоринг баҳолаш натижаларига кўра, 1 иш кунида кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Бириктирилган раҳбар аризани 5 иш кунида жойига чиққан ҳолда ўрганади. Ўрганиш натижаси бўйича фотоҳисобот ва кредит ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани платформага жойлаштиради.
Қарз олувчиларга кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги фоиз ставкасида устама ҳақ тўлаш шарти билан қуйидагича ажратилади:
15 млн сўмгача бўлган 1 та ноутбук сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга 2 йил имтиёзли давр билан;
тадбиркорликни бошлаш учун қиймати 30 млн сўмгача бўлган асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга бўлиб тўлаш шарти билан.
140 минг камбағал оилага шифокор бириктириб, уларни йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди. Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш камбағалликка қарши курашда асосий йўналишлардан бири. Бу тизим тубдан ислоҳ қилиниб, илгари 6 та давлат ташкилотида бўлган ваколатлар ягона Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бирлаштирилди.