Ижтимоий тармоқларда Нуробод туманидаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилотида болаларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулоти берилгани айтилган хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Унга кўра, вилоят Санитария ва эпидемиология жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳи тузилиб ўрганилган.
Ўрганишлар жараёнида 1-сон ДМТТ да фаолият юритаётган ошпазларнинг овқат пишириш технологияларига амал қилмаганлиги ҳамда эътиборсизлиги сабаб кечки нонуштага тайёрланган ширин кулчалар (булочкалар) куйдириб пиширилганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан буюртмачи томонидан аутсорсинг "ПРООФ ФООД" МЧЖ корхонаси раҳбарияти огоҳлантирилган.
Аутсорсинг томонидан сифациз гўшт маҳсулотлари етказиб берилганлиги ҳақидаги хабар ўз исботини топмаган.
Нуробод туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Санепидқўмита туман бирлашмаси эпидемиологи маълумотига кўра, 30 сентябрь санасидан бугунги кунга қадар боғча ёшдаги болаларнинг (ДМТТ тарбияланувчилари) овқатдан заҳарланганлиги бўйича мурожаат келиб тушмаган. Ижтимоий тармоқларда Нурободда 50 нафардан ортиқ ДМТТ тарбияланувчиси касаллангани айтилган хабар асоссиз бўлиб чиқди.
Бошқарма блогерлардан ёлғон ахборот тарқатмасликларини сўрамоқда.