АсосийЖамият

Қашқадарёда 5 ёшли қизчани икки марта сотган ҳамшира 2,5 йилга қамалди

Ҳамшира биринчи гал қизчани 20 миллион сўмга, кейин эса 15 минг долларга сотишга уринган. У ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинди.

'Қашқадарёда 5 ёшли қизчани икки марта сотган ҳамшира 2,5 йилга қамалди'ning rasmi

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида ишловчи 32 ёшли ҳамшира 2020 йилда туғилган қизчани икки маротаба сотишга урингани учун суд томонидан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳамшира аввалига қизчани онаси билан келишган ҳолда бошқа бир аёлга 19,7 миллион сўмга сотган. Кейин эса болани сотиб олган аёлдан гувоҳнома олиб бериш эвазига яна 2 миллион сўм пора олган. Орадан кўп ўтмай, у 60 ёшли эркак билан тил бириктириб, қизчани бошқа шахсга 15 минг долларга сотаётган вақтда қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди томонидан 17 сентябрь куни чиқарилган ҳукмга кўра, ҳамширага озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан бирга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима ҳам белгиланди.

Унинг шеригига эса 3 йилга уй қамоғи жазоси тайинланди ва у ҳам 30 баравар жарима тўлашга мажбур бўлди.

Ҳозирда қизалоқнинг аҳволи яхши — у Китоб туманидаги болалар уйида тарбияланмоқда.

    Бошқа янгиликлар