Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалласидаги буюм бозори ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газ баллон портлаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг оиласига 100 млн сўмдан берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 4 декабр куни Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилди.
Президент уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Уч кун муддатда қурбон бўлганларнинг оиласига 100 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратиш топширилди.
Топшириққа кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази директори бошчилигида 10 нафар малакали шифокорлар бригадаси жабр кўрганларга бепул сифатли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатмоқда.
Масъул идораларга ушбу бахтсиз ҳодиса сабабларини тез фурсатларда аниқлаб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Умуман, ушбу фожиа фавқулодда вазиятлар тизими учун катта сабоқ бўлиши кераклиги қайд этилди. Қиш ойларида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича барча масъуллар 24 соатлик иш режимига ўтиши зарурлиги айтилди.






