Қирғизистон президенти Садир Жапаров болаларни зўрлаш ва бу ҳаракат ортидан содир этилган қотилликлар учун ўлим жазосини тиклашни таклиф қилганди. Конституциявий суд 10 декабрь куни ушбу таклифни кўриб чиқиб, уни қабул қилмаслик ҳақида қарор чиқарди.
Конституциявий суд таклиф этилаётган ўзгаришлар асосий қонуннинг яхлит тизими билан уйғунлиги, уларнинг инсоннинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда давлатнинг демократик характерига таъсири, шунингдек, Қирғизистон ратификация қилган халқаро шартномалардан келиб чиқадиган халқаро мажбуриятларга мослигини баҳолайди.
“Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида белгилайди, уларни таъминлаш бўйича кафолатлар тизими эса конституцион тузумнинг асосини ташкил этади ва асосий қонунга киритилиши мумкин бўлган ўзгаришларнинг чегараларини белгилаб беради.
Шу муносабат билан Конституциявий суд асосий қонуннинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар соҳасидаги ҳар қандай ўзгартиришлари уларнинг тизимли хусусиятини ва шахсни ҳимоя қилишнинг бутун конституциявий тизими ишлашига таъсирини ҳисобга олишни талаб этади.
Ҳуқуқ ва эркинликлар бўйича кафолатларнинг пасайишига (нон-регресс) йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратиш лозим, чунки айнан уларнинг барқарорлиги ва изчиллиги инсон ҳамда унинг қадр-қимматининг конституциявий устуворлигини белгилайди”, дейилади суд матбуот хизмати хабарида.
Шу сабабли Конституциявий суд ўлим жазосини тақиқлаш ва яшаш ҳуқуқининг устувор аҳамиятини тан олиш нафақат ҳуқуқий норма, балки энг муҳим ахлоқий-қадрият масаласи ҳам эканини таъкидлади. Бундан ташқари, суд Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятлари борлигини эслатди.
Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясига кўра, давлат ўз ички қонунларига таяниб халқаро шартномани бажармасликни оқлай олмайди. Шунингдек, шартноманинг амал қилишини бекор қилиш ёки тўхтатиб туриш фақат аниқ белгиланган ҳолларда мумкин.
Конституцион ва халқаро-ҳуқуқий далилларни ҳисобга олган ҳолда, Конституциявий суд ўлим жазосини конституциявий тузатиш орқали қайта тиклаш асосий қонунга зид эканини, бундай ўзгариш мутлақо йўл қўйилмаслигини ва ҳуқуқий жиҳатдан имконсизлигини хулоса қилди.






