Туркияда отиб ўлдирилган Россия элчиси Андрей Карловнинг жасади Москвага олиб келинди, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.
Айнан шу самолёт бортида россиялик терговчилар туркиялик ҳамкасбларига терактга ойдинлик киритишда ёрдам бериш мақсадида Анқарага учган эди. Москвага келиб қўнган самолётни элчининг беваси ва онаси, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоглу ва журналистлар кутиб олди.
Террорчи томонидан ўлдирилган элчининг жасади Внуково аэропортига Ту-154 самолётида, Москва вақти билан соат 20.30 да олиб келинди. Аэропортнинг ҳукумат терминали олдида Россия байроғи туширилди.
Мотам марши садолари остида фахрий қоровуллар тобутни кўтаришди. Тобут ортидан фахрий қоровул ротаси аскарлари, вазирлар ва элчининг беваси юрди. Ҳукумат терминали олдида тобут тахтасупа устига қўйилиб, элчининг онаси ва беваси яна бир бора у билан видолашди. Шундан кейин тобут аэропортдан Москвага олиб кетилди.
Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни Анқара шаҳрида ўтказилаётган “Россия турклар нигоҳида” номли кўргазмада иштирок этаётган Россия элчиси Андрей Карлов террорчи томонидан отиб ўлдирилди. Қуролланган жиноятчи бинога қўриқчи қиёфасида кириб, элчига қарата ўқ узган.





