Бугун жаҳон иқтисодий майдонида рақобат тобора кучайиб бораётган шароитда давлатларнинг барқарор ривожланиши, энг аввало, юқори қўшилган қиймат яратадиган, илғор технологиялар ва инновацияларга таянган иқтисодий моделга боғлиқ бўлмоқда. Шу боис миллий иқтисодиётни самарадорлик, рақобатбардошлик ҳамда технологик янгиланиш асосида ривожлантириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Бу йўлда саноатни модернизация қилиш, меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигини ошириш, инвестиция ҳамда инновацияларни кенг жалб этиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Юртимиздаги қулай бизнес муҳити, демографик ўсиш, инсон капиталига берилаётган эътибор – Ўзбекистонни инвесторлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда.
Келгуси йилда 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган. Бундан буён, ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало илғор технологиялар ва уларнинг трансфери, ташқарида бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга ва маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши керак.
Давлат раҳбари саноатни янги технологик босқичга олиб чиқиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга қаратилган ривожлантириш дастури ишга туширилаётганини таъкидлади. Унга кўра, келгуси беш йилда саноатда яратиладиган қўшилган қиймат ҳажмини 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларгача ошириш, шунингдек, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлар маҳсулотлари ишлаб чиқаришини 2,5 баробарга кўпайтириш мақсад қилиб олинган.
Бунга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида, 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади (буни 20 миллиард доллари хорижий инвестиция).
Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади. Масалан, Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳа (3-чи навбати) ишга туширилиб, қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади.
Шунингдек, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади. Натижада йилига 18 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади.
Умуман олганда, 2026 йилда йирик лойиҳалар амалга оширилиши белгилаб олинди. Хусусан, кимё саноатида 4,5 миллиард долларлик, тоғ-кон металлургия, нефтегаз, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 миллиард доллардан, электротехникада 2 миллиард долларлик ҳамда фармацевтикада 800 миллион долларлик янги лойиҳалар бошланади.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, 2026 йилда жами экспортимизни 40 миллиард долларга етказиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот улушини 55 фоиздан (ҳозир 50 фоиз) оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида таклиф этилаётган ислоҳот ва йирик инвестициявий ташаббуслар миллий иқтисодиётни янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга қаратилган. Саноат тармоқларида қувватларни кенгайтириш, экспортбоп маҳсулотлар улушини ошириш, меҳнат ва энергия самарадорлигини юксалтириш орқали иқтисодий ўсишнинг барқарор манбалари яратилади. Бу эса 2030 йилга қадар мамлакатимизни рақобатбардош, инвестиция учун жозибадор ва юқори даромадли иқтисодиётга эга давлатлар қаторига олиб чиқишга хизмат қилади.






