Россиялик пропагандачи Владимир Соловёв яна гапирди. Яна баланд овозда. Яна менсимасдан. Ва яна Марказий Осиё ҳақида.
Бу сафар у одатдаги шов-шувли риторикадан ҳам нарига ўтди. “Соловёв LIVE” дастуридаги чиқишида у Россия Украинада қилганидек, постсовет ҳудудининг бошқа қисмларида, хусусан, Арманистон ва Марказий Осиёда ҳам “махсус ҳарбий операция” бошлаши мумкинлигини очиқ айтди. Энг хавфлиси — у буни эҳтимол сифатида эмас, мантиқан асослаб, “нега энди бўлмасин?” деган оҳангда айтди.
Соловёвнинг нутқида бир неча бор такрорланган иборалар бор: “халқаро ҳуқуққа тупурдик”, “таъсир доираси”, “бизнинг Осиё”. Бу оддий сўзлар эмас. Бу — мустамлакачилик луғати. Бу — бошқа давлатларнинг суверенитетини инкор этувчи қарашлар.
У АҚШнинг Гренландия ва Венесуэла атрофидаги сиёсатини мисол қилиб, “дунё шундай ўйнамоқда”, деган хулосага келади. Яъни, агар кимдир халқаро ҳуқуқни менсимаётган бўлса, Россия ҳам шундай қилиши мумкин. Ва бу мантиқнинг кейинги нуқтаси — Арманистон ва Марказий Осиё.
Соловёв очиқ айтади: Россия учун Сурия ҳам, Венесуэла ҳам муҳим эмас. Асосий “оғриқли нуқталар” — Арманистон ва “улар Марказий Осиё деб атайдиган, бизнинг Осиё”.
Бу ерда бир лаҳза тўхтаб, савол бериш керак: “бизнинг Осиё” деганда у нимани назарда тутяпти? Қачондан бери мустақил давлатлар кимнингдир “мулки”га айланган? Қачондан бери миллионлаб одамлар яшайдиган ҳудудлар телеэфирдаги пропагандачининг оғзидан “таъсир доираси” деб аталадиган бўлди?
Бу саволлар бугун фақат риторик эмас. Чунки яқин тарих шуни кўрсатдики, Россия пропагандасида айтилган гаплар кўпинча реал сиёсий ҳаракатларга айланган. Кеча “бундай бўлмайди” дейилган Украина, бугун уруш ичида. Кеча “хаёлий” бўлиб туюлган баёнотлар бугун вайрон бўлган шаҳарлар, миллионлаб қочқинлар ва минглаб қурбонлар билан тасдиқланди.
Шу боис Соловёвнинг бу галги чиқиши Марказий Осиё жамоатчилиги томонидан оддий “ҳайп” ёки “навбатдаги шоу” сифатида қабул қилинмади.
Ўзбекистонда, Қозоғистонда, бутун минтақада бу сўзлар кескин норозилик уйғотди.
Сиёсатшунос, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа бу чиқишни “тормозсиз пропаганда” деб атади. Унинг фикрича, Соловёв жонли эфирда илгари яшириб келинган қарашларни очиқчасига айтиб қўйди: суверенитет қоғозда қолиши мумкин, халқаро ҳуқуқ эса халақит берадиган нарса холос.
Жамоатчилик фаоли Азиза Умарова эса бу баёнотлардан сўнг рамзий, лекин чуқур маъноли таклиф билан чиқди — Шуҳрат Аббосовнинг “Отамдан қолган далалар” фильмини эфирга қайтариш. Чунки санъат баъзан юзлаб сиёсий чиқишлардан ҳам кучлироқ бўлади. У тарихни эслатади. Оғриқли, лекин зарур ҳақиқатни кўрсатади.
Депутат Бобур Бекмуродов эса Соловёвнинг сўзларига очиқчасига “тупуришини” айтиб, Марказий Осиё халқлари энди телеэкранлардан туриб тақдир белгилаб бериладиган давр аллақачон ортда қолганини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай провокациялар фақат қўшниларни душманга айлантиради.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса бу чиқишни “аламини бошқалардан олаётган муштумзўр”га қиёслаб, Марказий Осиё давлатлари бундай баёнотларга биргаликда, расмий нота билан жавоб бериши кераклигини урғулади.
Собиқ депутат Расул Кушербаев Соловёвнинг гапларини очиқ таҳдид деб баҳолаб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини кескин муносабат билдиришга чақирди.
Журналист Илёс Сафаров эса бу шунчаки шов-шув эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор сиёсий сигналларидан бири эканини айтиб, Соловёвни персона нон грата деб эълон қилиш масаласини кўтаришни таклиф қилди.
Бу фикрларнинг барчасини бирлаштирадиган жиҳат битта: Марказий Осиё энди жим туришни истамаяпти.
Соловёвнинг чиқиши яна бир ҳақиқатни кўрсатди: империяча фикрлаш Россия ахборот маконида ҳануз тирик. Ва бу фикрлаш фақат ўтмиш хотираси эмас, балки реал хавф сифатида намоён бўляпти.
Шу сабаб бу баёнотлар оддий “эфир нутқи” эмас. Бу — минтақа суверенитетига нисбатан очиқ ҳурматсизлик. Ва бундай ҳурматсизлик жавобсиз қолмаслиги керак.
Бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим савол турибди: бундай гаплар фақат шовқин сифатида эътиборсиз қолдириладими ёки аниқ, қатъий сиёсий позиция билан жавоб бериладими?
Чунки суверенитет — бу фақат байрам нутқларида эсланадиган тушунча эмас. Уни ҳар куни, ҳар бир таҳдид олдида ҳимоя қилиш керак.






