Суриянинг Эш-Шаддада шаҳрида жойлашган қамоқхонадан “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) террористик гуруҳига мансуб тахминан 1,5 минг нафар аъзо қочиб кетган. Бу ҳақда Rudaw нашри хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, маҳбуслар Сурия ҳукумати билан боғлиқ тузилмалар томонидан озод қилинган бўлиши мумкин. Манба қочган шахслар турли қуролли гуруҳларга қўшилиб кетганини таъкидлаган.
Сурия Ички ишлар вазирлиги воқеани тасдиқлар экан, расмий маълумотларга кўра, қамоқхонадан тахминан 120 нафар маҳбус қочиб кетганини билдирган. Мудофаа вазирлиги эса маҳбусларни озод қилишда Сурия Демократик кучларини (СДК) айблаб, гуруҳ раҳбариятини бундай оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ўйламасдан қилинган ҳаракатлардан огоҳлантирган.
Reuters агентлигининг хабар беришича, воқеадан сўнг Сурия Мудофаа вазирлиги Эш-Шаддада шаҳрига армия ва махсус бўлинмалар киритилганини маълум қилган. Расмийларга кўра, хавфсизлик кучлари 81 нафар шахсни қўлга олган, қолган маҳбусларни қидириб топиш ва ҳибсга олиш бўйича операциялар давом этмоқда.






